1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Спорт

Шаҳрам Ғиёсов нега ҳаваскор боксга қайтди?

Жаҳон чемпионтига тайёргарлик машғулотларини Тошкент вилоятининг Янгиобод спорт базасида олиб бораётган боксчиларимиз орасида Шаҳрам Ғиёсовнинг ҳам борлиги бокс ихлосмандлари диққат-эътиборини тортгани, шубҳасиз.

Шаҳрам Ғиёсов нега ҳаваскор боксга қайтди?

 

Қуйида унинг  ҳаваскор боксга қайтиши, олдинда турган режалар ҳақида Миллий Олимпия қўмитасига берган  интервьюсини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

 

– Сизни нима ҳаваскор боксга  қайтармоқда?

Ҳаваскор боксга ўзимга ташлаган "чақирув"им қайтарди. Профессионал боксга ўтганимдан кейин кўпчилик мени ҳар томонлама профессионал бўлиб кетди, деб айтмоқда. Мақсадим ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор боксда юқори натижага эришиш. Мен шунча вақт бекорга меҳнат қилмаганимни кўрсатишим керак. Олдимга бир нарсани мақсад қилиб қўйдимми унга эришишни истайман. У, албатта, жонажон ватанимиз байроғини юқорига кўтариш ва олтин медаль олиш. Шу боис ўзимга ўзим "чақирув" ташладим.

 

– Профессионал боксга яна қачон қайтасиз?

Насиб қилса, жаҳон чемпионати финалига чиқиб, ғалаба қозонгач 3-4 кун ичида АҚШга жўнаб кетаман.

 

– Ҳозир спаррингда кўпроқ Иглециас билан ишлаяпсиз. Сўнгги тўқнашувингизга кўп вақт бўлди. Иккалангиз ҳам бор имкониятингизни намойиш қилмаяпсиз. Шундай бўлса-да унда қандай ўзгаришларни сезяпсиз?

– У билан жанг қилмаганимга 4 йил бўлибди. Бу вақт давомида  у ҳаваскор боксда тажриба тўплади, Олимпиада чемпиони бўлди. Мен эса профессионал боксда 11 та жанг ўтказдим. У жуда муносиб рақиб. Шу пайтгача 3 марта тўқнаш келганмиз. Тўғри, бир-биримизнинг “сир”ларимизни ошкор қилмаяпмиз. Барчаси рингда аниқ бўлади.

 

– Спарринг пайти бир-бирингизнинг кўзларингизга қарасангиз, ичингиздан нима ўтади?

Кулги (кулади). У ҳам жиддий қараб қолсак, кулиб юборади. Биласизми, бир-биримизни китобдек ўқиб бўлганмиз. Агар қайсидир босқичда тўқнаш келиб қолсак, ким жисмоний ва руҳий жиҳатдан яхши бўлса, у ғалаба қозонади.

 

– Профессионал боксда Аҳмадалиев чемпионлик камарларини қўлга киритиб бўлди, Мадримов мажбурий даъвогар даражасига етмоқда. Сизнинг навбатингиз қачон келади?

Худо хоҳласа, келаси йилга ният қиляпмиз. Насиб қилса, чемпионлик камарини Ўзбекистонга 2022 йил олиб келаман.

 

– Сизга фақат омад ва муваффақиятлар тилаб қоламиз!

– Раҳмат.

 

Аввалроқ Шаҳрам Ғиёсов ва Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионатида иштирок этиши ҳақида хабар берилганди.

 

Жамшидбек Амиров

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика