Колумбиялик қўшиқчи Шакира футболчи Жерар Пике билан ажрашгач, журналистлар унинг фарзандларини таъқиб қилаётганидан шикоят қилмоқда.
Қўшиқчи ўзининг Инстаграм саҳифасида матбуотни ўғиллари Милан Сашани таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди.
“Жамоат арбоби сифатида ҳаётим ўзгариб бораётган бир пайтда матбуотнинг менга ва оиламга доимий қизиқишини тушунса бўлади. Аммо фарзандларим Милан ва Саша жуда оғир йилни бошдан кечиришди, доимий қамал ва тинимсиз азоб-уқубатларни бошдан ўтказишган. Улар ҳаётларида янги босқичга қадам қўяётганларида, мен болаларим номидан ОАВни уларнинг шахсий дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишга чақираман”, — деб ёзади у.
Шакира ОАВдан болалари мактабга кетаётганда ёки дам олиш тадбирларига борганда уларни кузатишни тўхтатишни сўради.
Аввалроқ Шакира футболчи Жерар Пике билан ажрашгач, фарзандлари билан АҚШнинг Маями шаҳрига кўчиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.