Хитойнинг Шанҳай шаҳрида кенглиги тахминан 10–20 метр бўлган ер ўпирилиши содир бўлди. Ҳодиса бир неча сония ичида юз бериб, йўл қисми, қурилиш материаллари ва вақтинчалик иншоотлар ҳосил бўлган чуқурликка қулаб тушган.
Маълумотларга кўра, жабрланганлар йўқ. Ҳайдовчилар ва пиёдалар хавфли ҳудуддан ўз вақтида узоқлашишга улгурган, қурилиш майдончасида ишлаётган ишчилар эса зудлик билан эвакуация қилинган.
Дастлабки тахминларга кўра, ҳодисага метро қурилиши ишлари ҳамда бир кун аввал аниқланган сув сизиб чиқиши сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда ҳам айнан шу ҳудудда шунга ўхшаш ер ўпирилиши қайд этилган эди. Ҳозирда мутахассислар воқеа сабабларини аниқлаш бўйича текширув олиб бормоқда.


