Шавкат Мирзиёев 2 август куни «Ангрен» эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда келтирилишича, 2012 йилда ташкил этилган мазкур иқтисодий зона сўнгги йилларда ҳам ҳудуд, ҳам салоҳият жиҳатидан кенгайган. У Ангрен шаҳри, Оҳангарон шаҳри ва тумани, Бекобод шаҳрининг бир қисмини қамраб олган. Бугун ушбу зонада 76 та корхона, уларда 11 мингдан зиёд аҳоли ишламоқда.
«Улардан бири – Premier elektrotech масъулияти чекланган жамиятининг 23 миллион долларлик лойиҳаси. Ўтган йили декабрда ишга тушган бу корхона йилига 100 минг дона кир ювиш машинаси ва 200 минг дона совутгич ишлаб чиқариш ҳамда 1 миллион долларлик экспорт қуваатига эга. 350 киши иш билан таъминланган. Бу лойиҳанинг биринчи босқичи бўлиб, уни кенгайтириш учун қурилиш олиб борилмоқда. Иккинчи босқич шу йил декабрда фойдаланишга топширилади ва иш ўринлари 450 тага етади», — дейилади хабарда.
Корхонада ишлаб чиқарилувчи телевизор, кондиционер каби бошқа маиший техникалар МДҲ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Давлат раҳбари Оҳангаронда тайёр саноат инфратузилмаси борлиги, бу хорижий инвестициялар жалб этиш учун катта имконият эканини таъкидлади. Шу каби корхоналарни кенгайтириш мақсадида электротехника саноати зонасини ташкил этиш таклифи билдирилди.
«Оҳангарон металл қувурлар заводининг жойи беш йил олдин унумсиз дала эди. 2018 йилдан бошлаб саноат мажмуаси барпо этилди. 49 миллион долларлик бу лойиҳа учун ускуналар Туркиядан олиб келинди. Йиллик 205 минг тонна металл маҳсулотлар тайёрлаш қуввати яратилиб, 250 та иш ўрни яратилган. Жорий йилнинг 6 ойида қарийб 4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган», — дейилади хабарда.
Президент шу ерда «Ангрен» эркин иқтисодий зонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмасини кўздан кечирди. Шунингдек, янги лойиҳаларни шакллантириш, аҳоли бандлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.


