Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига келгач, Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилган. Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб, мамлакатларимиз стратегик шериклиги изчил мустаҳкамланаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Шунингдек, савдо, саноат, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт соҳаларида ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани таъкидланди. Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди ҳамда бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқди.


