Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳридаги қароргоҳда Покистон Ислом Республикаси Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исъҳоқ Дор билан учрашди. Учрашув давлат ташрифи доирасида ташкил этилди.
Суҳбат давомида Исъҳоқ Дор давлатимиз раҳбарига режалаштирилган икки томонлама тадбирлар ва музокаралар кун тартиби ҳақида батафсил маълумот берди. Томонлар ташриф доирасидаги асосий масалалар юзасидан фикр алмашди.
Президент Шавкат Мирзиёев вазир Исъҳоқ Дорнинг ушбу муҳим давлат ташрифини ташкил этишга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлаб, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини қайд этди.
Шунингдек, ташриф доирасида ўтказиладиган олий даражадаги музокаралар ва Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилиши Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.


