Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга расмий ташриф билан Туркия пойтахти Анқара шаҳрига келди.
“Эсенбоға” халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонларни Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва рафиқаси кутиб олди. Аэропортда икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди.
Давлат раҳбарлари ва биринчи хонумлар қисқа учрашув ўтказдилар. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бугун Оқсарой қароргоҳида Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилиши бўлиб ўтади. Музокараларда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, транспорт, энергетика, маданият, гуманитар соҳа ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинади.
Анқарадаги тадбирлар доирасида Хатай вилоятининг Арсуз туманида “Ўзбекистон” турар жой мажмуасининг очилиши, шунингдек, Истанбул шаҳрида ўзбек мактаби қурилишини бошлашга бағишланган маросимлар ҳам режалаштирилган.


