Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор Раҳмонқулов Миракбар Ҳожиакбарович 2026 йил 11 февраль куни 74 ёшида вафот этди.
Миракбар Раҳмонқулов 1952 йил 5 октябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1975 йилда Тошкент давлат университетини ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича тамомлаб, меҳнат фаолиятини Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги иқтисодиёт илмий-текшириш институтида бошлаган.
У турли йилларда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий қўмитаси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда Ўзбекистон Олий Совети Президиумида масъул лавозимларда фаолият юритган.
1992–1994 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг биринчи проректори сифатида фаолият олиб бориб, замонавий билимга эга малакали кадрлар тайёрлаш ишларига катта ҳисса қўшган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига раҳбарлик қилган, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институтида раҳбар ўринбосари бўлиб ишлаган. У мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлашга қаратилган муҳим стратегик тадқиқотларни амалга оширишда фаол иштирок этган.
Миракбар Раҳмонқулов узоқ йиллар давомида Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси, Миллий хавфсизлик кенгаши котиби лавозимларида хизмат қилган. Сўнгги йилларда Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институтига раҳбарлик қилиб, Олий Мажлис Сенати аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борди.
Унинг давлат ва халқ олдидаги хизматлари муносиб эътироф этилиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвони, “Фидокорона хизматлари учун” ҳамда ИИ даражали «Шон-шараф» орденлари билан тақдирланган.
“Таниқли давлат арбоби, йирик ҳуқуқшунос олим, меҳрибон устоз ва камтарин инсон Миракбар Раҳмонқуловнинг ёрқин хотираси қалбларда абадий сақланиб қолади”, - дейилади ҳамдардликда.


