1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Ўзбекистон

Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги “Invest Asia” корхонасига борди

Жорий йилнинг ўн ойи давомида корхонада 1,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 23 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.

Шавкат Мирзиёев Сирдарёдаги “Invest Asia” корхонасига борди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятидаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган “Invest Asia” корхонасига ташриф буюрди.

 

Мазкур корхона Марказий Осиёда қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Ҳозирда мамлакат ички бозорида полипропилен қоп ва юмшоқ контейнерларнинг 60 фоизи, stretch плёнкаларнинг 40 фоизи ушбу корхона ҳиссасига тўғри келади.

 

60 гектар майдонда жойлашган мажмуада 2,5 мингга яқин иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш, саноат ва маиший кимё тармоқларида кенг қўлланилади, уларнинг сифати маҳсулотни хавфсиз етказиш ва бозорда мунтазам таъминлашга хизмат қилади. Бу эса импорт ўрнини босиш, харажатларни камайтириш ва ички бозор барқарорлигини таъминлашга сезиларли ҳисса қўшмоқда.

 

Корхонанинг муҳим устунлигидан бири — биоаксиал йўналтирилган полипропилен плёнка ишлаб чиқаришда мамлакатда ягона ишлаб чиқарувчилик мақомига эга экани. Мазкур материал турли соҳаларда энг талабгир қадоқлаш воситаларидан бири ҳисобланади.

 

Жорий йилнинг ўн ойи давомида корхонада 1,9 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 23 миллион долларлик экспорт амалга оширилди. Ускуналар Австрия, Германия, Италия, Хитой ва АҚШ каби илғор давлатлар технологияларига асосланган.

 

Давлатимиз раҳбари корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди, ходимлар билан мулоқот қилиб, келгусидаги режаларга эътибор қаратди. Йил якунига қадар Марказий Осиёда энг йирик спанбонд ва мелтблаун нотоʻқима мато ишлаб чиқариш линиялари ишга туширилиши кутилмоқда. Ушбу маҳсулотлар тиббиёт, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва маиший кимё соҳаларида кенг ишлатилади.

 

Барча лойиҳалар тўлиқ қувватда ишга туширилгач, иш ўринлари сони 10 минг нафарга етади, корхонанинг полимерни қайта ишлаш қуввати йилига 280 минг тоннагачча ошади.

 

Ташриф доирасида Президент хорижий инвесторлар билан учрашиб, вилоят иқтисодиёти ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳалар давлат томонидан доимий қўллаб-қувватланишини таъкидлади. Инвесторлар мамлакатимиздаги қулай бизнес муҳитини юқори баҳолаб, кўрсатилаётган амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирдилар.

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика