Президент Шавкат Мирзиёев жорий ҳафта АҚШ пойтахти Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар берди.
Тадбир глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ва тинчлик ташаббусларини мувофиқлаштириш масалаларига бағишланади.
Йиғилишда давлат ва ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ҳамда дипломатик доиралар вакиллари қатнашади. Учрашув кун тартибида геосиёсий муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш, давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, ҳуманитар масалалар ва барқарор тараққиёт мавзулари муҳокама қилинади.
Шавкат Мирзиёевнинг иштироки Ўзбекистоннинг халқаро тинчлик ва барқарорлик ташаббусларида фаол иштирок этишга тайёр эканлигини яна бир бор намоён этади. Шу билан бирга, сафар давомида икки томонлама учрашувлар ва бошқа халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.
Йиғилиш 19 февраль куни бўлиб ўтади ва унда 20 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан давлат раҳбарлари қатнашиши режалаштирилган.


