Бугун, 20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровлар билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президет матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мамлакат етакчиларилари тожик–қирғиз чегарасида рўй берган фожиали воқеалар билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилдилар. Давлат раҳбари инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Вазиятни нормаллаштириш юзасидан келишувга эришилгани мамнуният билан қайд этилди.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Самарқанд саммитининг асосий якунлари ва унинг доирасида ўтказилган икки томонлама учрашув юзасидан фикр алмашилди.
Тожикистон Президенти билан суҳбатда энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини тайёрлашни тезлаштириш ва илгари суриш бўйича қарорларни тез фурсатда амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Садир Жапаров билан мулоқотда устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, шу жумладан “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, бўлажак олий даражадаги, шу жумладан, минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.


