Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Хўжанд шаҳрига етиб борди.
Тошкентдан келган давлат раҳбарини аэропортда Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди. Ташриф муносабати билан аэропорт ҳудудида икки давлат байроқлари ҳилпиради, миллий куй-қўшиқлар янгради ва анъанавий рақслар ижро этилди.
Бугун Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон президентлари уч томонлама учрашув ўтказадилар.
Кун тартибидан дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Шунингдек, учрашув якунида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича келишув имзоланиши режалаштирилган.
Президентлар, шунингдек, санъат усталари иштирокидаги қўшма концерт дастурини томоша қилишади.


