Бугун, 24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси элчиси Ким Хи Санг, Қирғиз Республикаси элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон Республикаси элчиси Бейбут Атамкулов, Америка Қўшма Штатлари элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.
Давлатимиз раҳбари янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади.
Мамлакатимизда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ кучли демократик ҳуқуқий давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш қаратилган кенг кўламли ва муқаррар тус олган ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Жаҳонда кечаётган мураккаб геосиёсий вазиятда Ўзбекистон ўзаро ишонч ва ҳурмат, манфаатли ҳамкорликка асосланган вазмин ташқи сиёсат юритиб, барча давлатлар билан икки ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаб келмоқда. Марказий ва Жанубий Осиё, Европа ва Америка давлатлари, араб-мусулмон мамлакатлари билан алоқалар янги босқичга чиқди.
Нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, глобал молия институтлари билан шериклик кенгайиб бормоқда. Яқинда Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари юқори даражада ўтди.
Мамлакатимизда бозор иқтисодиёти тамойилларини чуқурлаштириш, хусусий секторни фаол қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоя ва технологияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Буларнинг натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимиздаги хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, 40 миллиард долларга яқинлашди.
– Биз келгуси 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бунинг учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, интилиш ва имкониятлар ҳам етарли. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Мамлакатимиз эшиклари жаҳон учун, дунё бозорлари эса юртимиз учун очиқ бўлиши керак, — деди Президент.


