Шимолий Корея август охири ёки сентябрь ойи бошида ҳарбий разведка сунъий йўлдошини учиришга яна уриниб кўриши мумкин, деб хабар берди Yonhap агентлиги.
Агар охирги марта муваффақиятсизликка учраган ҳарбий разведка сунъий йўлдошидаги нуқсонларни тузатиш муаммосиз ўтса, эҳтимол у август ойи охири ёки 9 сентябрда Шимолий Корея тузуми ташкил топганининг 75 йиллигини нишонлаш муҳитини яратиш учун ишга туширилади, дейилади хабарда.
Разведка маълумотларига кўра, КХДР ҳарбий сунъий йўлдошни учириш бўйича, айниқса, ракета двигателининг ишлашини яхшилаш бўйича тажрибаларни давом эттирмоқда.
Бундан ташқари, КХДР яқинда қитъалараро баллистик ракетани учиришга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин.


