Жанубий Корея ҳарбий разведка агентлиги (DIA) ҳисоботига кўра, Шимолий Корея (КХДР) Россияга Украинадаги уруш давомида тахминан 28 мингта контейнерда қурол-яроғ ва артиллерия снарядлари жўнатган.
" Агар бу ҳажм 152 мм ўлчамдаги снарядлар билан ҳисобланганда, етказилган снарядлар сони 12 миллиондан ошади", — дейилади ҳисоботда.
Украина ҳарбий разведкаси (ГУР) раҳбари Кирилл Будановнинг сўзларига кўра, айни пайтда Россия армиясидаги йирик калибрли снарядларнинг ярми Шимолий Корея ишлаб чиқаришига мансуб.
Москва Шимолий Кореядан ўқ-дори сотиб олганини расман тан олмаган, бироқ уруш бошида кузатилган “снарядлар танқислиги” ҳақидаги шикоятлар ҳозирда деярли йўқолган.
Маълумот учун, 2024 йилда Россия ва Шимолий Корея ўзаро ҳарбий ёрдамни кўзда тутувчи шартнома имзолаган. Бундан ташқари, Жанубий Корея ва Украина махсус хизматлари маълумотига кўра, Пхеньяннинг яқин ойларда Россиянинг Украина ҳужумларини қўллаб-қувватлаш учун 25–30 мингга яқин ҳарбий хизматчи юбориши ҳам мумкин.


