Туркия Суперлигасининг 17 турида “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Газиантеп” жамоасини 5:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ ўйин ўтказди.
Учрашувнинг 21 дақиқасида Элдор Шомуродов ҳисобни очди, 29 дақиқада эса Аббосбек Файзуллаев аниқ зарбаси билан жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда Шомуродов яна бир бор ассист муаллифига айланиб, жамоасининг йирик ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
Мазкур ғалаба “Башакшеҳир”га турнир жадвалида муҳим очколар олиб келди. Жамоа 23 очко билан 7-ўринга кўтарилди. “Газиантеп” ҳам 23 очкога эга бўлса-да, қўшимча кўрсаткичларга кўра 9-поғонада қолди.
Шунингдек, Элдор Шомуродов ушбу гол орқали Суперлига тўпурарлар пойгасида 12 та гол билан етакчиликни қўлга олди. Ўзбекистонлик футболчиларнинг бундай барқарор ва самарали ўйини мухлислар ва мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.


