Швейцария Эронга тўғридан тўғри дронлар ишлаб чиқариш учун эҳтиёт қисмлари етказиб бермаган. Бу ҳақда Швейцария иқтисодиёт бўйича котибияти вакили Фабиан Майенфиш маълум қилди [https://www.kommersant.ru/doc/5758130]. Бундан олдин айрим ОАВда Эроннинг Shahed-136 учувчисиз қурилмасида 52 та хорижда ишлаб чиқарилган деталь борлигини ёзганди. Майенфиш Швейцария Эронга санкциялар туфайли маҳсулот экспорт қилмаслигини эслатиб ўтди. > "Ҳеч қандай тижорий саноат буюмлари етказиб берилмаган. Одатда бу товарлар учинчи давлатларда ишлаб чиқарилади ва бутун дунёга > тарқатилади. Шундан келиб чиқиб, Эрон ушбу махсулотларни жаҳон бозоридан сотиб олган", — деган у. Ғарб давлатлари Эронни Россияга дрон етказиб беришда айбламоқда. Бу Теҳрон томонидан бир неча бор инкор қилинган бўлса-да, кейинчалик ташқи ишлар вазири Амир Абдуллоҳиян хақиқатдан ҳам Москвага қурилмалар сотилганини тан олди. Аммо дипломат бу Украина урушидан бир неча ой олдин амалга оширилганини айтган.