Бугун, 22 май куни Ата алянсидан (“Отатурк иттифоқи”) Туркия президентлигига собиқ номзод Синан Оған 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Ражаб Тоййиб Эрдоғанни қўллаб-қувватлашини эълон қилади ва республиканинг амалдаги раҳбари янги муддатга сайланади. Бу ҳақда "Ҳуррият" газетаси махфий манбаларга таяниб хабар берди.
Аввалроқ, Туркиянинг амалдаги президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған президентлик сайловларининг биринчи босқичида 49,24 фоиз, унинг етти мухолифат партиясидан номзод бўлган асосий рақиби Камол Қиличдорўғлу 45,07 фоиз овоз олгани ҳақида Олий сайлов комиссияси хабар қилган эди. Сайловчиларнинг хорижий ваколатхоналар ва чегара назорат пунктларида берган овозлари ҳисобга олинса, амалдаги президентни сайловчиларнинг 49,52 фоизи, Киличдорўғлуни эса 44,88 фоизи қўллаб-қувватлаган. Президентлик сайловининг иккинчи босқичи 28 май кунига белгиланган.
Ғалаба қозониш учун номзодлардан бири 50 фоиздан кўпроқ овозга эга бўлиши керак. Оған сайловларнинг 1-турида беш фоиздан кўпроқ овоз олган, бироқ экспертларнинг фикрича, президентликка асосий икки номзод атрофидаги вазият туфайли Оғаннинг сайловчилари берадиган овозлар аҳамияти ортган.
Қайд этилишича, Синан Оған бугун сайловнинг иккинчи босқичида Президент Эрдоғанни қўллаб-қувватлашини эълон қилади. Нашрнинг ёзишича, Оған “нафақат баёнот беради, балки амалдаги президент билан муҳокама қилган масалаларини ҳам эълон қилади”.
Аввалроқ, Оған иккинчи турда у ёки бу номзодни қўллаб-қувватлаш қарорига боғлиқ бўлган бир қатор шартларини эълон қилган эди, улар орасида курдпараст мухолифатдаги Халқ демократик партияси (XДП) депутатларини парламентга киритмаслик ҳақидаги талаб ҳам бор. Оғаннинг сўзларига кўра, бу партия Туркияда тақиқланган ва террорчи, деб тан олинган Курдистон ишчилар партиясининг сиёсий қаноти ҳисобланади. Ҳозирги президентлик сайловларида XДП ўз номзодини кўрсатишдан бош тортди ва Киличдорўғлуни қўллаб-қувватламоқда.


