Самарқандда ака синглисига севги изҳор қилган ўқувчини самосуд қилгани айтилган эди. Болалар омбудсмани матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 16 май куни Паст Дарғом тумани ИИБга 2009 йилда туғилган Б.С. тан жароҳати олгани тўғрисида унинг онаси J.I. дан ариза келиб тушган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, вояга етмаган B.С. 20-мактабнинг 9-синфида таълим олиши, у шу мактабнинг 6-синф ўқувчиси бўлган қиз Қ.A.ga севишини айтган. Сўнг қизнинг акаси A.Қ. ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни болани ўз уйига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган. Шунингдек, A.Қ. йигитнинг сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.
Маълумотларга кўра, 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судида мазкур болага зўравонлик ҳолатига оид жиноят иши суд муҳокамаси кўриб чиқилиб, A.Қ. айбдор деб топилиб, унга 1 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


