Дунё гиёҳвандлик таҳдидининг янги босқичига тез суръатларда кириб бормоқда. Агар ўн йил муқаддам асосий хавф манбаи героин ва бошқа опиоидлар ҳисобланса, бугунги кунда уларнинг ўрнини синтетик гиёҳвандик воситалар эгалламоқда. БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) маълумотларига кўра, жаҳон бозорида 12 000 дан ортиқ турдаги гиёҳвандик моддалар аниқланган бўлиб, фақат 2024 йилнинг ўзида 180та янги психофаол модда қайд этилган. Гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқарилиши ҳақида сўз кетар экан, Афғонистонни тилга олмаслик мумкин эмас. Бу мамлакат дунёнинг энг йирик опиат етказиб берувчиларидан бири бўлиб қолмоқда. Аммо бугунги кунда Афғонистон глобал наркоиқтисодиётда кескин трансформация жараёнини бошидан кечирмоқда. 2022 йилда 233 минг гектар бўлган опий мака майдонлари 2023 йилда 10 минг гектардан ҳам камайганига қарамай, вазият енгиллашмади. Аксинча, мамлакат ноқонуний метамфетамин ишлаб чиқаришнинг йирик марказига айланди. Сўнгги уч йил ичида нарколабораториялар сони қарийб тўрт бараварга ошган. Бу “синтетика сари бурилиш” гиёҳвандлик бозорининг табиатини тубдан ўзгартирди: етказиб бериш йўналишлари қайта қурилди, ишлаб чиқариш арзонлашди ва фойда ошди. Энди дунё янада яширин, чегарасиз ва ҳалокатли гиёҳвандлик таҳдидига дуч келмоқда. Афғонистон энди героин карвонлари эмас, балки чегара билмас кимёвий лабораториялар мамлакатидир. Синтетик гиёҳвандлик воситалар бугун ноқонуний бозорда етакчи ўринни эгаллаган. Метамфетамин, амфетамин ва “каптагон” ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича етакчилар сирасида турибди. Шу билан бирга, фентанил, нитазен каби синтетик опиоидлар ва уларнинг турли аналоглари тез тарқалмоқда. Улар жуда юқори заҳарлиликка эга бўлиб, бир марта қабул қилишнинг ўзидаёқ кучли қарамликка олиб келади ва ҳар йили ўн минглаб инсонларнинг умрига зомин бўлмоқда. Фентанил айниқса хавфли модда сифатида таърифланади. Агар героин ўн йиллар давомида энг оғир гиёҳвандлик модда ҳисобланиб келган бўлса, фентанил таъсири жиҳатидан ундан 40-50 баравар кучлироқ. Ҳатто микроскопик миқдорнинг ўзи инсон учун ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли фентанил тарқалиши XXI асрнинг энг хавфли глобал таҳдидларидан бирига айланди. Гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг янги тўлқини рақамли технологиялар билан уйғунлашмоқда. Рақамлаштириш жараёни ноқонуний бозорни ҳам қамраб олди: эндиликда гиёҳвандликвоситалар интернет орқали, жумладан, “Даркнет”да сотилмоқда. Криптовалюта орқали тўлов ва аноним етказиб бериш, шунингдек “закладка” усулида тарқатиш наркобизнесни деярли аниқлаб бўлмас даражага келтирмоқда. Даркнет ҳар куни минглаб ноқонуний савдо операциялари амалга ошириладиган глобал майдонга айланди, синтетик моддалар эса расман тақиқлангунча аллақачон оммалашишга улгурмоқда. Бу рақамли соя давлатлар ўртасидаги чегараларни йўққа чиқариб, наркотаҳдидни янги авлод киберхавфсига айлантирмоқда. Шу билан бирга, доривор воситаларнинг тиббий бўлмаган мақсадда ишлатилиши ҳам кенгаймоқда. Соғлиқни сақлаш тизимларидаги назоратнинг етарли эмаслиги сабабли тинч аҳоли учун мўлжалланган оғриқсизлантирувчи, тинчлантирувчи ва психотроп препаратлар кўпинча “қора бозор” орқали тарқалмоқда. Бу айниқса ривожланаётган мамлакатларда жиддий хавф туғдирмоқда. Гиёҳвандликнинг асосий нишони бу ёшлар. 2025 йилда БМТ НЖБ томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, Марказий Осиёдаги 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 6 минг нафар ёшлардан 2-5% охирги бир йил ичида гиёҳвандлик моддаларни истеъмол қилган. Энг кўп тарқалгани каннабис ва доривор воситаларнинг ноқонуний истеъмоли ҳисобланади. Марказий Осиёда аҳолининг қарийб 60% 30 ёшдан кичик эканлигини ҳисобга олганда, профилактика ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш масаласи миллий хавфсизлик даражасига кўтарилган. Гиёҳвандлик таҳдиди фақат инсон саломатлигига эмас, балки иқтисод, ижтимоий барқарорлик ва экологияга ҳам зарба бермоқда. Мутахассислар баҳолашича, трансмиллий жиноий гуруҳлар даромадининг 80% яқини гиёҳвандлик воситалар савдосидан шаклланади. Бу улкан маблағлар коррупцияни, терроризмни ва одам савдосини молиялаштириб, бутун минтақаларни беқарорлаштирмоқда. Бироқ давлатлар кўрадиган йўқотишлар фақат иқтисодий эмас. Ҳар бир доза бу вайрон бўлган тақдир, бузилган оила, нобут келажак демакдир. Гиёҳвандлик меҳнат унумдорлигини пасайтиради, ишсизликни оширади ва соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларига катта босим юклайди. Давлатлар миллиардлаб маблағ сарфлаган ҳолда ҳам ҳар доим ижобий натижага эриша олмайди. Экологик оқибатлар ҳам ўта хавфли. Синтетик моддалар ишлаб чиқарилиши жараёнида тонналаб кимёвий чиқиндилар ер ва сув тизимларига чиқарилади. Бир килограмм метамфетамин ишлаб чиқариш натижасида тахминан 30 килограмм заҳарли кимёвий чиқинди қолади. Бу моддалар экотизимларни заҳарлайди, флора ва фаунага зарар етказади, айрим ҳудудларда ичимлик суви манбалари ифлосланмоқда. Гиёҳвандлик – фақат шахсий муаммо эмас. У жамият соғлиғини емиради, оиланинг асосини бузади, ёшларни маънавий инқирозга олиб келади ва жиноят ҳамда қарамликнинг ёпиқ айланасига айлантиради. Унинг тарқалиши жамиятга қарши сукунатдаги уруш бўлиб, унда ғолиблар йўқ – ҳамма ютқузади. Афғонистон омили ҳануз ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ҳатто опий ишлаб чиқариш қисқарганига қарамай, мамлакат наркобизнеснинг маркази бўлиб қолмоқда, фақат йўналишини ўзгартирган. Синтетик моддаларнинг ўсиши ва яширин лабораториялар кўпайиши наркотрафик йўналишларини тубдан ўзгартирди. Марказий Осиё минтақавий ахборот-мувофиқлаштириш маркази маълумотларига кўра, 2024 йилда минтақада 380 та яширин нарколаборатория аниқланган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан қарийб 20% кўп. Бу рақамлар наркотаҳдиднинг трансмиллий хусусият касб этганини яққол кўрсатади. Унга қарши курашиш фақат айрим тадбирлар билан эмас, балки тизимли ёндашув билан амалга оширилиши лозим. Бу эса ахборот алмашинувини кучайтириш, чегараларни мустаҳкамлаш, прекурсорлар етказиб беришни чеклаш ва яширин лабораторияларни бартараф этишни талаб қилади. Ҳозирги нарковазият бу маҳаллий муаммо эмас, балки бутун инсоният олдидаги глобал чақириқдир. БМТ НЖБ халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонунчиликни уйғунлаштириш ва янги психофаол моддаларни эрта аниқлаш тизимларини яратиш зарурлигини таъкидламоқда. Фақат давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бирлашган саъй-ҳаракатлари бу янги таҳдид тўлқинини тўхтата олади. Инсоният янги “наркоаср” остонасида турибди. Ҳар бир синтетик зарра бутун жамият учун ҳалокатли қуролга айланиши мумкин. Агар жаҳон ҳамжамияти бугун бирлашмаса, эртага бу кўринмас фронт энг вайронкор урушга айланиши мумкин. Фақат биргаликдаги ҳаракат, ҳамжиҳатлик ва қатъият дунё халқларининг соғлигини, иқтисодий барқарорлигини ва ёш авлоднинг келажагини ҳимоя қилиши мумкин. Муаллиф: Алиханов Шохрух Мирзо, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази Бош илмий ходими.