Сирдарё вилоятида қалбаки 150 минг АҚШ долларининг муомалага киритилиши олди олинди. Давлат хавфсизлик хизматининг вилоят бошқармаси ходимлари Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Оқолтин туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро қўлга олинган. У қалбаки пулларни “шартли харидор”га ҳақиқий 30 минг доллар эвазига сотаётганида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Zamon.uz га ДХХ хабар берди.
Маълум бўлишича, ушбу шахс аввал ҳам жиноят содир этгани учун жавобгарликка тортилган. 2024 йил декабрида Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди уни фирибгарлик ва қалбаки пул муомаласи билан шуғулланганликда айбдор деб топиб, 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлаган эди.
Терговга қадар текширув жараёнида, қўлга олинган фуқаро қалбаки пулларни Қозоғистондан контрабанда йўли билан олиб кирилган купюраларни Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида яшовчи бошқа шахсдан олгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган бўлиб, ҳозирда унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


