Ховос тумани ИИБнинг икки нафар тезкор ходими пора олаётганда ушланди. Бу ҳақда ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йил октабр ойида Ховос туманидаги боғдорчиликка ихтисослашган МЧЖ ер майдонидан полиетилен маҳсулотлари ўғирланганлиги ҳақида ИИБга мурожаат келиб тушган. Ушбу мурожаат юзасидан тезкор суриштирув олиб борган подполковник ва маёр унвонидаги икки нафар катта тезкор ходим ўғриликда гумон қилинган тўрт фуқарони мажбуран бўлимга олиб келган.
Расмий маълумотга кўра, ходимлар гумонланувчиларни қамоққа олиш билан қўрқитиб, жиноят ишини “ҳал қилиб бериш” учун 55 миллион сўм талаб қилган. Кейинчалик улардан 24 миллион сўмни “зарарни қоплаш” номи остида олгани аниқланган.
Шунингдек, ходимлар жиноят иши қўзғатмаслик, қамоқ эҳтиёт чораси қўлламаслик ва ҳужжатларни маъмурий иш сифатида расмийлаштириб судга юбориш эвазига қўшимча 11 миллион сўм талаб қилган.
ДХХ, вилоят прокуратураси ва ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мазкур тезкор ходимлар 11 миллион сўмни олаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» ва «г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилди ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.


