Сирдарё вилоятида истеъмолга яроқсиз гўшт маҳсулотлари тўхтатиб қолинди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Қайд этилишича, Сирдарё туманидаги ЙПХ масканида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ғ.Х. Isuzu русумли юк автотранспорт воситасида фуқаро И.Ю.га тегишли истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган 941 кг қорамол гўштини Тошкент шаҳрида ўтказиш мақсадида олиб кетаётган вақтда ушланиб, ушбу гўшт маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.