Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу ўзгариш моҳиятини Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Telegram-каналида тушунтирди.
“Гап шундаки, мазкур қарор (юқоридаги қарор - таҳрир) билан тасдиқланган Низом асосида ҳокимият ва “учар тадбиркор”лар аҳоли розими, йўқми, инобатга олмаган ҳолда, “ҳудуднинг архитектура қиёфасини яхшилаш” ниқоби билан фуқароларнинг уй-жойларини буздириб, ўзларига фойда берадиган объектларни қуриб сотиш билан шуғулланиб келишаётган эди.
Низомга кўра, қайсидир ҳудудда фуқароларнинг кўчмас мулкларини бузиш ҳисобига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш керак бўлса, дастлаб ўша жойнинг мулкдорлари билан очиқ муҳокама ўтказилиши керак" - ёзади депутат.
Кушербаевнинг қайд этишича, энди низомга ўзгартириш киритилиб, ўша очиқ муҳокама давомида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида инвестиция лойиҳаси амалга оширилишига битта мулкдор қарши бўлган тақдирда ҳам, мазкур ҳудудда ушбу инвестиция лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди.
"Бу, менимча, фуқароларнинг мулк дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги яхши амалий қадам. Биз бизнес юритиш, инвестиция оқимини кучайтириш, энг муҳими, фуқаро ва давлат ўртасидаги ишончнинг мустаҳкамлигида бу талаб қанчалар зарур зарур эканлигини кўрдик.
Энди бу камчиликларни кеч бўлса ҳам тўғирлаб, судсиз ёки компенсациясиз мулкларидан маҳрум бўлиб, йиллаб сарсон юрган фуқаролар олдидаги қарзимизни қоплашимиз керак", - келтиради Расул Кушербаев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ тадбиркорларга 11,5 миллиард сўмлик "снос" пуллари тўлаб берилгани ҳамда ҳокимликларнинг “снос”лар бўйича тадбиркорлардан 123 миллиард сўм қарзи борлиги, 1 сентябргача ҳамма қарзлар қайтарилиши шартлиги ҳақида хабар берилганди.
Чўлпоной Аҳмедова


