Ижтимоий тармоқларда пойтахт марказида жойлашган собиқ “Тошкент” меҳмонхонаси, ҳозирги Lotte City Hotel Tashkent Palace биноси бузилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу маълумотларни расман рад этди.
Ҳокимлик вакили Гулноза Қосимова Туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда меҳмонхона маъмуриятига таяниб, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Шунингдек, айрим ижтимоий тармоқ саҳифаларида меҳмонхона ходимлари ишдан бўшатилгани ҳақидаги даъволар ҳам тасдиқланмади.
Пойтахт ҳокимлиги собиқ “Тошкент” меҳмонхонаси бузилмаслигини алоҳида таъкидлади.
Маълумот учун, ушбу меҳмонхона машҳур меъморлар Митҳат Булатов ва Леонид Караш томонидан лойиҳалаштирилган бўлиб, ўз вақтида юқори мартабадаги меҳмонлар ва делегацияларни қабул қилиш учун қурилган. У Тошкентдаги сузиш ҳавзасига эга бўлган илк меҳмонхоналардан бири ҳисобланади.


