Фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар, тушунмовчиликлар ва саволлар фонида Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон рецепт тизимини жорий этиш тартиби юзасидан батафсил тушунтириш берди. Шунингдек, биринчи маротаба рецептсиз бериладиган дори воситаларининг тўлиқ ва очиқ рўйхати тақдим этилди.
Вазирликка кўра, «Электрон рецепт» тизимини жорий этишнинг асосий вазифаси — дори воситаларини рецептлаш жараёнини соддалаштириш, ўз-ўзини даволаш билан боғлиқ хавфларни камайтириш, сифатсиз ва қалбаки дорилар айланмасини назорат қилишдир. Шунингдек, янги тизим орқали даволаш жараёнида хатоларни минималлаштириш ва бемор хавфсизлигини ошириш кўзда тутилган.
Вазирлик рецептсиз сотиладиган дорилар рўйхати кенг эканини таъкидлаб, барча ёшдаги беморлар зарур дориларни ҳеч қандай қийинчиликсиз харид қилиши мумкинлигини маълум қилди.
Тартиб бўйича чалкашликларни бартараф этиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги рецептсиз сотишга рухсат этилган дориларнинг тўлиқ ва янгиланган рўйхатини эълон қилди. Рўйхат кенгайтирилган жадвал кўринишида берилиб, унда савдо номлари, ишлаб чиқарувчилар, дозалар ва фармакотерапевтик гуруҳлар кўрсатиб ўтилган.
Рўйхат қуйидаги асосий гуруҳларни ўз ичига олади:
— Антипиретик ва оғриқ қолдирувчи воситалар (НЯҚВ): иситмани туширувчи ва оғриқни камайтирувчи кенг тарқалган препаратлар.
— Антигистаминлар: Супрастин, Диазолин, лоратадин ва бошқа аллергияга қарши воситалар.
— Шамоллаш ва нафас йўллари учун препаратлар: турли сироплар, спрейлар, томчилар ва комбинацияланган дорилар.
— Бошқа зарур воситалар: антисептиклар, овқат ҳазм қилиш воситалари, фаоллаштирилган кўмир ва ўхшаш препаратлар.
Вазирлик мазкур рўйхат дорилар янгидан рўйхатга олиниши билан мунтазам янгиланиб борилишини маълум қилди.
Электрон рецепт тизими ҳозирда Тошкент шаҳри ва республиканинг 15 та туманида синов тариқасида жорий этилган. 2026 йил охирига қадар тизим бутун мамлакат бўйлаб босқичма-босқич татбиқ этилиши режалаштирилган.
Вазир бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ тизимдаги муаммоларни тезкор бартараф этиш ва фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш билан шуғулланади. Синов ҳудудларидаги дорихоналарда махсус Telegram боти — @ssv_pilotbot ишга туширилган бўлиб, фуқароларнинг саволлари устувор тартибда кўриб чиқилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги электрон тизимни жорий этиш жараёни ва дори воситалари муомаласидаги барча ўзгаришлар бўйича жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб боришини билдирди.


