Улар август ойида ўқишни вилоятлардан Тошкент шаҳридаги ССВ тасарруфида бўлган тиббиёт олийгоҳларига кўчириш учун ариза билан мурожаат қилган эди. Лекин орадан салкам икки ой муддат ўтса-да, натижалар эълон қилингани йўқ.
Белгиланган низом қоидаларига кўра, ўқишни кўчириш аризаси натижалари 20-25 август санасига қадар эълон қилиниши зарур эди.
Мурожаатчилар орасида вазирликка бир неча бор келиб, масъуллар билан боғланишга уринганлар ҳам бор.
6 октябрь санасидаги охирги мурожаатдан сўнг натижалар босқичма-босқич эълон қилина бошлаган. Лекин бу мавжуд муаммога барҳам бера олмади. Натижаларини олган талабаларда базавий ёки табақалаштирилган контракт асосида таҳсил олиш билан боғлиқ янги муаммо пайдо бўлди.
Мутасаддилар уларга мос ва турдош йўналиш бўйича кўчираётганликларига қарамай ўқишни суперконтракт асосида давом эттиришини айтмоқда. Фақат ўзи ёки ота-онаси Тошкент шаҳрида доимий истиқомат қиладиган, ота-онасининг иш фаолияти шаҳар ҳудудида бўлган ва турмуш қургач, турмуш ўртоғи Тошкент шаҳрида муқим истиқомат қилгани учун ўқишни кўчирган талабаларгина базавий миқдордаги контракт асосида ўқиши мумкинлиги айтилган.
Тошкент вилоятида яшовчи ва республиканинг чекка ҳудудларидаги тиббиёт олийгоҳи талабаси бўлган шахслар Тошкент шаҳрига ўқишларини кўчирса, суперконтракт асосида қабул қилиниши белгиланган.
Шунингдек, ариза берган талабалар орасида давлат гранти асосида таҳсил олувчи талабалар ҳам бор.
Президентнинг “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорига кўра, ўқишини Ўзбекистон Республикасининг бир ҳудудида жойлашган давлат олий таълим муассасасидан бошқа ҳудудидаги давлат олий таълим муассасасига кўчиришда:
a) ўқишни мос ва турдош таълим йўналишларига кўчиришга узрли сабаблар мавжуд бўлганда рухсат этилади. Бунда ўқишни кўчириш сўралаётган ҳудудда мос ва турдош таълим йўналиши мавжуд бўлмаган тақдирда мазкур ҳудуддаги олий таълим муассасасининг бошқа таълим йўналишига кўчириш мумкин.
b) талабанинг республика бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун кўчиб ўтиши, турмуш ўртоғи ёки ота-онасининг меҳнат фаолиятини амалга ошириш жойи бошқа ҳудудга ўзгартирилиши, никоҳ тузгандан кейин турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудудга кўчиб ўтиши узрли сабаблар этиб тан олинади;
c) талабаларнинг ўқишини узрли сабаблар мавжуд бўлмаган ҳолатларда, шунингдек, мос ва турдош бўлмаган таълим йўналишларига кўчириш ўрнатилган тартибда тегишли бакалавриат таълим йўналиши учун белгиланган табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик тўлов асосида амалга оширилади (мазкур кичик банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно).
Энг охиридаги жумла узрли сабаблар билан ўқишни мос ва турдош таълим йўналиши бўйича кўчирган талабалар базавий миқдордаги контракт асосида таҳсил олишлари кераклигини тасдиқлайди.
Лекин низомга қарамай, талабаларнинг сабаблари узрли деб баҳоланмаяпти. Tурдош йўналиш эканидан қатъий назар суперконтракт асосида қабул қилиш айтилган. Бу эса мурожаатчиларда норозилик уйғотмоқда. Бир ойдан буён муросасиз тортишувлар давом этяпти.
Мафтуна Режаббоева тайёрлади.


