Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббий хизматларни марказлаштириш ва аҳолини тиббий суғурталаш амалиётини жорий қилиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиника, 1000 та маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди. Илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматга бўлган эҳтиёж баланси ишлаб чиқилди. “Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 3 600 та педиатрия ҳамшираси ва доя штатлари ажратилди. Оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди.
Шу билан бирга, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига ташхис ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19 мингдан зиёд кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди.


