Ўзбекистонда ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли тезкор-профилактик ойлик бошланди. Ушбу ташаббус ёшларни турли наркотик воситаларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, уларда соғлом ҳаёт тарзига бўлган муносабатни шакллантириш ҳамда наркожиноятчиликка қарши умуммиллий иммунитетни кучайтиришни мақсад қилган.
Бугунги кунда гиёҳвандлик муаммоси нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақада хавфсизлик ва барқарорликка жиддий таҳдид сифатида намоён бўлмоқда. Айниқса, айрим ёшларнинг наркотик моддалар истеъмолига ёки наркожиноятларга жалб этилиши ҳолатлари профилактик ишлар самарадорлигини оширишни талаб этмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йил давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан республикада гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар билан боғлиқ 15 мингдан ортиқ жиноят аниқланган. Тезкор тадбирлар натижасида 3 тоннадан ортиқ наркотик моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилиб, уларнинг истеъмолга чиқиб кетиши олди олинган.
Шу билан бирга, наркотик моддалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 14 та яширин лаборатория фош этилди. Ачинарлиси, жавобгарликка тортилганлар орасида ўқувчи ва талабалар ҳам бор.
Мазкур муаммога қарши тизимли курашни кучайтириш мақсадида 2025 йилда Президент фармони билан 2025–2026 йилларга мўлжалланган миллий дастур қабул қилинган бўлиб, унда ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилган. Дастур доирасида февраль ойида профилактик ойлик ўтказиш белгиланган.
Ойликка расмий старт бериш мақсадида бугун Тошкент шаҳрида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Наркотиклар ва қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги вазирликлар ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Анжуманда ёшлар ўртасида амалга ошириладиган профилактик, тарғибот ва тушунтириш ишлари режаси тақдим этилди.
Тадбир доирасида илк бор янги форматда “Ёшлар форуми” ҳам ўтказилди. Форумда пойтахт маҳаллалари ёшлар етакчилари, таълим муассасалари вакиллари, психологлар, талабалар ва ўқувчилар иштирок этди. Дастур «Бадал» номли қисқа метражли фильм премьераси билан очилиб, ёшларга ҳаётий сабоқ берувчи чиқишлар, тақдимотлар ва интерактив тадбирлар билан давом этди.
Форум якунида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёшларни гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан ҳимоя қилишда жамоатчилик, таълим муассасалари ва оммавий ахборот воситалари ҳамкорлигини янада кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, мазкур ойлик ёшларда салбий иллатларга қарши онгли муносабатни шакллантириш ва уларни соғлом келажак сари йўналтиришда муҳим қадам бўлади.


