Ўрта асрларда Шарқда жуда кенг тарқалган тарихий адабиётлар (солномалар – ҳукмдорларнинг таржимаи ҳоллари, маноқиблар) ҳам портрет жанрининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатган. Аксарият ҳолларда асарнинг буюртмачиси саналган шоҳларнинг шахсий ҳаёти ва фаолиятидаги реал воқеаларни ифодалашда тарихий ва хотиравий адабиёт панегирик (мадҳ этиш) хусусияти доирасида қолиб кетган. Тасвирланган аниқ тарихий шахсларнинг типологик хусусияти мумтоз адабиётдаги расмларга яқин бўлган. Шу билан бирга, тарихий мавзудаги қўлёзмаларнинг безакли суратларида баъзан тасвирнинг анъанавий тамойиллари сақланган ҳолда, тарихий шахсларнинг иконографиясини яратишга ҳаракат қилинган. Бу ҳолатни темурийлар даври қўлёзмаларида кўп учрайдиган Жамшид, Фаридун, Искандар Мақдуний, Доро, Анушервон сингари афсонавий, ярим афсонавий ва тарихий қаҳрамонлар қиёфаларида кўришимиз мумкин.
Маълумки, Амир Темур (1336-1405) сиймоси Шарқ қўлёзмаларида энг кўп учрайдиган образлардан бири. Шу билан бирга у дунё тарихидаги энг йирик саркардалардан бири ҳисобланади. Амир Темур 1370 йилда Мовароуннаҳрда йирик марказлашган давлат барпо этди ва умрининг сўнгига қадар уни кенгайтиришга ҳаракат қилди. У ўз салтанати ҳудудида ижтимоий адолат ўрнатиш баробарида меъморчилик, илм-фан, адабиёт ва санъатни ривожлантиришга ҳаракат қилди. Айниқса, темурийлар даврида тасвирий санъат кенг ривожланди, Камолиддин Бехзод сингари истеъдодли рассомлар етишиб чиқди.

Амир Темурнинг XV асрда ишланган миниатюраси.
Нафақат темурийлар, бобурийлар ёки шайбонийар даврида яратилган асарларда балки, Ғарб тасвирий санъат асарида ҳам Амир Темур образига кўп бор мурожаат қилинган Соҳибқироннинг ўзига хос хусусиятлари акс эттирилган илк «портрет»лар Хуросонда, темурийлар давридаги Ҳиротда, Шоҳрух ва унинг ўғли, фан ва маданият ҳомийси бўлган Бойсунқур Мирзо ҳукмронлиги йилларида пайдо бўлган.
Бу борада рассомнинг ўз қаҳрамонига хос бўлган аниқ хусусиятларни билиши катта роль ўйнаган. Биз бу ҳолатни Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»си ёки Абдуллоҳ Хотифийнинг «Темурнома»сига ишланган миниатюра туркумларида Амир Темур тахтда ўтирган, деярли доим бир оёғини ўзига яқинроқ тортган ва иккинчисини узатган ҳолда, чўққи соқолли кўринишда тасвирланган.
Унинг образи акс этган ушбу иконография тахминан уч аср давомида сақланган ва темурийлар давридаги Ҳиротда кўпроқ қўлланилган. Бу анъана XVI асрда сафавийлар давридаги Шерозда ҳам, XVII асрга қадар Мовароуннаҳрда ҳам сақланиб қолган. Ҳукмдор, одатга кўра, жасур жангчи, адолатли давлат бошлиғи, чин мусулмон ва бошқа ижобий сифатлар билан тасвирланган. Шу тариқа унинг портрети давлатнинг муҳим мафкуравий тарғибот қуролига айланган.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, буюк ҳукмдор ўзи намоён этган сюжет ва образга мувофиқ тарзда, ўз даврининг «идеал» қиёфасини сақлаб қола олган. Умуман олганда, тарихий асарларга ишланган суратларда рассомлар маълум тарихий қаҳрамонларни, хусусан ҳукмдорлар ва саркардаларни тасвирлашар экан, шахсларнинг индивидуал хусусиятларини эмас, балки воқеа, вазият, тоифа турига эътибор қаратган ҳолда, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилганлар.

Сирож ал-Ҳусайни. Бағдоднинг Амир Темур томонидан олиниши. Зафарнома, 1435-1436 йй. Метрополитен музейи.
Амир Темур ўз замондошлари ва кейинги авлодларнинг катта эътиборини қозонган. Бунинг исботи сифатида нафақат авлодма-авлод ўтиб келган оғзаки манбаларни, шу билан бирга ҳам адабий, ҳам мусиқий асарларни, тасвирий санъатнинг турли жанрларида акс этган Амир Темур образларини ҳам кўрсатиш мумкин.
Маълумки, Амир Темурнинг ўзи ҳам номи авлодлар хотирасида муҳрланиб қолишини орзу қилган ва тарихчиларга ўз ҳаётидаги воқеалар ҳақида китоблар ёзишни ёки рассомларга ўзининг таржимаи ҳоли акс этган воқеаларни акс эттирувчи улуғвор суратлар чизишни буюрган.
1404 йилда Амир Темур ҳузурига элчи бўлиб келган Рюи Гонзалес де Клавихо ўзининг “Амир Темур саройига саёҳат кундалиги” асарида ҳукмдор, шунингдек ўша пайтдаги бир қатор тарихий шахсларнинг ташқи кўриниши ҳақида қимматли маълумотлар беради: “У шоҳсупа устида ўтирарди. Унинг олдида фаввора юқорига отилиб турар, фаввора ҳовузида қизил олмалар сузиб юрарди. Подшоҳ лўлаболишга ёнбошлаган ҳолда шойи кўрпача устида ўлтирарди. Подшоҳнинг эгнида гулсиз силлиқ шоҳи яктак, бошида узун телпак, телпакнинг юқорисида қизил, ёқут, жавоҳир ва бошқа қимматбаҳо тошлар қадалган эди”.
Гарчи Амир Темур даври воқеалари ҳақида ҳақида Низомуддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир, Ҳофизи Абру сингари кўплаб тарихчилар ўз асарларида ёзиб қолдирган бўлсалар-да, Ибн Арабшоҳ унинг ташқи кўриниши ҳақида батафсилроқ тавсиф берган ягона тарихчидир. Ибн Арабшоҳга кўра: «Темур чиройли қадди-қоматли, баланд бўйли, пешонаси очиқ, боши катта, баланд овозли бўлган, унинг қудрати жасоратидан кам бўлмаган; юзининг ёрқин қизиллиги оқлигини жонлантирган. Елкалари кенг, бармоқлари ингичка, мушаклари кучли бўлган. Узун соқол қўйган; ўнг қўли ва оёғи жангларда шикастланган. Нигоҳи жуда меҳрибон эди…».
Бизгача етиб келган Амир Темур портретлардан энг қадимгиси XIV охири – XV аср бошига мансуб. Унда Амир Темур жанговар либосда тасвирланган.
Портретда унинг чап қўли ҳажми кичикроқ, чап оёғи анъанавий тарзда сони остига олинган, ўнг оёғи эса тўғри ҳолатда тахтдан пастга осилган. Рассом Амир Темурнинг ногиронлигини шу тарзда анъанавий ҳолат билан моҳирона ниқоблаб, санъаткорона акс эттиради. Бир оёғи узатилган, иккинчи оёғи эса тиззадан букилган шартли ҳолат кўпинча Ҳирот рассомлари томонидан XV аср давомида, сўнгра Мовароуннаҳр рассомлари томонидан XVII асрда Амир Темур образига нисбатан қўлланилган ва айни ҳолат қизғиш чўққи соқоли билан бирга унинг иконографиясининг одатий деталларидан бирига айланган. Аммо анча кейинги, XVI–XVII асрларда ишланган Эрон ёки Ҳиндистон миниатюраларида Амир Темурнинг иконографияси унутилган. Ўз даври одоб қоидаларига кўра, Амир Темур образи миниатюрачилар томонидан миниатюра яратилган даврдаги идеал шахс, ҳукмдорлар ёки жангчиларнинг намунаси сифатида талқин қилинган.
Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, «Амир Темур чиройли қадди-қоматли, баланд бўйли, пешонаси очиқ, боши катта, баланд овозли бўлган, унинг қудрати жасоратидан кам бўлмаган; юзининг ёрқин қизиллиги оқлигини жонлантирган. Елкалари кенг, бармоқлари ингичка, мушаклари кучли бўлган. Узун соқол қўйган; ўнг қўли ва оёғи жангларда шикастланган. Нигоҳи жуда меҳрибон эди…». Юқоридаги миниатюра ушбу тасвирларга мос келиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Тарихчи олимларнинг таъкидлашларича, Амир Темур саройлари жангларда, зиёфатларда, элчиларни қабул қилиш саҳналарида ва бошқа жойларда унинг ўзи иштирок этган деворий суратлари билан безатилган бўлса-да, бу суратлар бизгача етиб келмаган. Амир Темурнинг ҳаётлик даврида миниатюрада акс эттирилган бирорта тасвири сақланиб қолмаган. Миниатюра санъатидаги машҳур суратлар орасида Темурнинг темурийлар давридаги Ҳирот ва Шероз, сафавийлар давридаги Шероз, XVI–XVII асрлардаги Мовароуннаҳр мактаби каби турли санъат марказларида ва турли даврларда ишланган портретлари алоҳида жозибага эга, лекин Бобурийлар Ҳиндистони рассомлари уни кўпроқ тасвирлашган. Чунки, Бобурийлар саройида портрет жанри аллақачон тарихий ҳужжат даражасига кўтарилган эди.
Темурий ҳукмдорлардан бири, Искандар Султон даврида, XV асрнинг ўрталарида Шерозда Шарофиддин Али Яздий томонидан ёзилган «Зафарнома» саркарда фаолиятига бағишланган тарихий асарлар орасида Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти жуда ҳаққоний ва тўлиқ таърифланган асар саналади. Унинг энг қадимги нусхаларидан бири 1435-1436 йилларда яратилган бўлиб, айни пайтда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги Метрополитен музейида сақланмоқда.

Беҳзод. Амир Темурнинг буюк амир этиб тайинланиши. (Зафарнома, 1480-1485). Жон Хопкинс университети кутубхонаси. (АҚШ).
Амалдаги ахлоқ-одоб тамойилларига кўра, Яздий Амир Темурни ҳар ишда муваффақият қозонган ва урушларда ғолиб чиққан саркарда, раиятга шафқатли, хоинлар ва душманлар билан муросасиз, ҳақиқий мусулмон сифатида таърифлайди. Асар ёзиб тугалланиши билан, тез орада қўлёзма темурийлар давридаги тарихий адабиётлар орасида энг машҳур асарлардан бирига айланиб улгурди ва тасвирлар билан бойитилиб қайта-қайта кўчирилди.
Шарофиддин Али Яздийнинг «Зафарнома»сига ишланган илк расмлар XV асрнинг биринчи ярмида Темурнинг набираси Иброҳим Султон ҳукмронлиги даврида Шерозда яратилган. Уларда Амир Темур образи шартли ишланган, лекин рассом унинг юзига монголоид ирқига хос хусусиятларни киритган.
Соҳибқирон образининг кейинчалик шарқ Рафаэли номини олган машҳур рассом Камолиддин Беҳзод ижодига мансуб миниатюраларда ўзига хос талқинини кўришимиз мумкин. “Зафарнома”нинг яна бир қўлёзмаси 1480-1484 йилларда Ҳиротда, Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлиги даврида кўчирилган бўлиб, бу нусха Беҳзод мўйқаламига мансуб миниатюралар билан бойитилган.

Беҳзод. Амир Темурнинг қипчоқлар қўшинини таъқиб этиши. (Зафарнома, 1480-1485). Жон Хопкинс университети кутубхонаси. (АҚШ).
Яздийнинг «Зафарнома»сига ишланган мазкур иллюстрациялар туркумидаги биринчи миниатюранинг сюжети темурийлар учун жуда катта сиёсий аҳамиятга эга. Айнан шу воқеа, аниқроғи, 1370 йилнинг апрель ойида Балх забт этилганидан сўнг Темур Чиғатой улуси ҳудудларидаги ягона ҳукмдорга айланган.
Беҳзод. Амир Темурнинг Смирна (Измир) қалъасини забт этиши. (Зафарнома, 1480-1485). Жон Хопкинс университети кутубхонаси. (АҚШ).
Беҳзод унда воқеанинг энг кульминацион лаҳзаси – Соҳибқиронни ҳукмдор сифатида тан олаётган Чиғатой улуси бекларининг қасамёд қилиш жараёнини тасвирлайди. Темур сафдошлари ва аъёнлари орасида, нафис безатилган чодир олдидаги тахтда тантанавор кўринишда савлат тўкиб ўтирибди. У бошига ўзининг мавқеини билдирувчи қимматбаҳо тож, устига яшил тўн кийган. Бир оёғи сонининг остига букилган, иккинчиси эса тахт ёнидаги ўриндиқ устига туширилган. Унинг қизғиш чўққисоқол юзида улуғворлик акс этган.

Беҳзод. Амир Темур Самарқанддаги жомеъ масжиди қурилишини кузатмоқда. (Зафарнома, 1480-1485). Жон Хопкинс университети кутубхонаси. (АҚШ).
Худди шу қўлёзмадан олинган “Қипчоқлар қўшинининг таъқиб қилиниши” миниатюрасида қўлёзмани икки саҳифасини эгаллаган. Амир Темур томонидан Гуржистоннинг Нергиз шаҳридан қувиб чиқарилаётган қипчоқлар шу атрофдаги ғорларга яширинган. Шарофиддин Али Яздийнинг ёзишича, Темур бу жангда катта қалқонлардан саватлар ясашни буюрган, шу саватлар орқали Амир Темур ва унинг аскарлари тепадан ғорга тушиб, душманларни қўлга туширишган.
Ушбу саҳнани тасвирларкан, Беҳзод ўша даврдаги одоб қоидалари нуқтаи назаридан, Амир Темурни оддий аскар каби сингари саватда ғорга тушаётганини тасвирлай олмасди. Бунга йўл қўйиб бўлмас эди. Шунинг учун у ҳукмдорга хос ҳолатда, қоя тепасида, салтанат рамзи саналган соябоннинг соясида туриб, воқеани кузатаётган соҳибқиронни тасвирлайди.
Қўлёзмадаги яна бир миниатюрада Смирна қалъасининг Амир Темур томонидан ишғол қилиниши тасвирланган бўлиб, аскарлар қалъага шиддат билан бостириб кираётган бир пайтда, соҳибқирон композициянинг ўнг томони, пастки қисмида, амирларга хос тарзда от устида, ҳарбий ҳаракатларнинг бориши ҳақидаги ҳисоботни тинглаётган ҳолда тасвирланган. Беҳзоднинг ўзи ўша даврда яшаганлиги учун ҳам ҳукмдор образини яратишда қабул қилинган одоб қоидаларидан четга чиқа олмаган.

Говардхан, Амир Темур портрети. 1620-1627 йй.
Қўлёзмада Самарқанддаги Жоме масжидининг қурилиши ҳам ўта ҳаққоний тарзда қаламга олинган. Унда Беҳзод турли соҳасидаги усталарнинг биргаликдаги меҳнати акс этган қурилиш майдонининг реалистик тасвирини яратади. Диптихнинг ўнг томонида қурилишга шахсан раҳбарлик қилган ҳукмдорнинг ўзи тасвирланган. Унинг қиёфаси ва Ҳиротдаги қурилишларга катта ҳомийлик қилган Навоий образи ўртасида маълум ўхшашлик мавжуд. Шу тариқа Беҳзод, гўё ўз ҳомийси ва устозига илтифот кўрсатиб, унинг қурилишга ҳомийлигини Темурнинг шаҳарсозлик фаолияти билан қиёслаган. У бу ерда Маҳмуд Музаҳҳибнинг машҳур портретидаги Навоий каби ҳассага суяниб турибди, ҳатто унинг юзи ҳам Навоий портретидаги юз тузилишига ўхшайди.
Бобурийларнинг турли даврларда яратилган миниатюраларида Амир Темурнинг сиймосига катта ўрин берилган. Бунинг сабаби темурийлар сулоласи асосчиси, Ҳиндистондаги бобурийларнинг бобокалони, ўзининг ҳарбий ғалабалари, адабиёт, санъат ва маърифатга ҳомийлиги билан машҳур бўлган бу зотнинг фавқулодда катта нуфузга эгалиги бўлган.
Ёзма манбаларда келтирилишича, «Жаҳонгир подшоҳ ўзининг буюк аждодининг ҳаётлик даврида ёки вафотидан кейин чизилган, шу билан бирга, албатта, ҳаққоний ишланган портретига эга бўлишни жуда хоҳлаган. Қўл остидагилар, уни хурсанд қилиш истагида, унга Амир Темур портретларини жўнатишган».
Бобурийлар даврида яратилган Амир Темур портретлари шартли тарзда чизилган ва унинг индивидуал қиёфасини акс эттирмаган. Табиийки, бу рассомларнинг ҳеч бири Амир Темурни шахсан кўрмаган. Эҳтимол, Амир Темур портретларининг Ўрта Осиёга хос иконографияси йўқолган ёки бобурийларнинг портрет жанри концепциясига тўғри келмаган бўлиши ҳам мумкин.
Ана шундай миниатюралардан бирида Амир Темур композициянинг марказида ўтирибди. У салтанат тожини ўнг томонида ўтирган Бобурга топширмоқда. Ҳокимият тимсолларидан бири ҳисобланган тожнинг топширилиши айни дамда ҳукмрон сулоланинг қонунийлигини тасдиқлайди. Соҳибқирон темурийлар даври услубида кийинган, бошига салла ўраган етук инсон сифатида тасвирланган ва унинг умумий кўринишига ҳам Бобурийларга ўхшаш хусусиятлар акс этган. Чап томонда Бобурнинг ўғли Ҳумоюн (1530–1545) тасвирланган.

Муҳаммад Афзал Абу Фақируллахон. Амир Темур ва унинг авлодлари. Рампур Раза кутубхонаси (Ҳиндистон).
Бундай суратлардан яна бири ҳиндистонлик мусаввир Муҳаммад Афзал абу Фақируллоҳхон ижодига мансуб бўлиб, у айни дамда Рампур Раза кутубхонасида сақланади. Ушбу сулолавий гуруҳ портретидаги айвоннинг марказида сулоланинг асосчиси Амир Темур (1370–1405) ўзининг 12 нафар авлоди қуршовида тасвирланган. Амир Темур сиймоси мазкур портретда бобурийларнинг эстетик тасаввурлари доирасида тасвирланган бўлиб, унинг иконографиясидан мутлақо фойдаланилмаган.
Замонавий илм-фан тарихий шахсларнинг ҳаёти, фаолияти, уларнинг ташқи кўриниши, характери, феъл-атворини чуқурроқ ўрганишни, уларнинг сиймосини янада аниқроқ, мукаммалроқ акс эттиришни талаб этмоқда. Бу айниқса, фотография ва кино тараққий этмаган пайтларда яшаб ўтган тарихий шахсларнинг реал қиёфасини яратишда катта ўрин тутади. Демак, Шарқ миниатюралардаги Амир Темур тасвирларини чуқурроқ ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали бу саркарданинг асл кўринишини янада ҳаққонийроқ тасвирлаш имконияти мавжуд. Бу эса, замонавий рассомлар учун Амир Темур иконографиясини ўрганиш, унинг қиёфасини янада аниқроқ ва реал кўринишда тасвирлаш имконини беради. Шунингдек, бу тадқиқотлар ахборот технологиялари ёрдамида Амир Темурнинг 3D форматидаги қиёфасини яратиш, турли иллюстрациялар, болалар учун суратли контентлар, анимацион фильмлар яратишда ҳам фойда бериши мумкин.
Фирдавс Абдухолиқов


