Инсоният доимий тартибда тўлашга ўрганиб қолган солиқларнинг ҳам кўп йиллик ривожланиш тарихи мавжуд бўлиб, солиқ муносабатлари дунёнинг илк цивилизацияси даврлариданоқ шакллана бошлаган. Масалан, илк солиқ йиғими жорий этилиши тарихи милоддан аввалги учинчи минг йилликда қадимги Мисрда шаклланган бўлса, кейинчалик солиқ амалиёти юнон цвилизациясида ривожланди, Марказий Осиё ҳудудларида эса милоддан олдинги биринчи минг йилликнинг бошларидаёқ кўчманчи уруғ ва қабилалар ер майдонлари, сув, ўтлоқлар учун ўзларидан кучлироқ қабилаларга ер солиғи, яъни ўлпон тўлаб турган.
Эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳат шундаки, солиқларни жорий этишнинг илк даврлариданоқ уларни адолатли ўрнатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, солиқ муносабатларини самарали амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилган.
Иқтисодиёт назариясида солиқларнинг самарадорлиги ва адолатлилиги тамойилларини иқтисодиёт фанининг деярли барча йирик вакиллари қайд этиб, солиққа тортишнинг адолатлилигига риоя қилиш тамойилини устувор деб билганлар. Бу икки тамойил солиққа тортишнинг асосий қарама-қаршиликларидан бирини ифодалаб: агар давлат учун солиқларнинг ўз фискал функциясини бажаришдаги самарадорлиги муҳимроқ бўлса, солиқ тўловчилар учун солиқ юкининг даражаси ва уни тақсимлашнинг адолатлилиги муҳим ҳисобланади.
Aйнан нима солиққа тортилиши керак: даромадми ёки харажатлар? Қандай қилиб солиққа тортилади: даромадга мутаносиб равишдами, ставкаларнинг прогрессив шкаласи кўринишидами ёки ягона солиқ тури бўйичами? Ким тўлаши керак: корхонами, ёлланма ишчиларми ёки мулк эгаларими? Булар солиққа тортишнинг асосий масалалари бўлиб, кўп жиҳатдан ҳозирги кунда ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.
Солиқ муаммоларига оид илк назарий қарашлар В.Петтининг “Солиқлар ва йиғимлар тўғрисида рисола” (1662), “Донишмандларга сўз” (1664), “Сиёсий арифметика” (1676) каби асарларида берилган. Асосий ғоя давлат ғазнасига қандай қилиб кўпроқ солиқ йиғиш кераклиги яъни солиқларнинг фискал функцияси масаласини ҳал қилиш бўлиб, Петти шундай хулосага келдики: бунинг учун халқ етарли даражада бой бўлиши керак, шунинг учун бу бойлик қаердан келиб чиққанлигини ва жамият аъзолари ўртасида қандай тақсимланган-лигини аниқлаш керак.
Сиёсий иқтисод классиги A.Смит томонидан тузилган солиққа тортишнинг тамойилиридан бири солиқларни тақсимлашнинг бир хиллиги билан боғлиқ бўлиб, уларнинг адолатли тақсимланишидир. Шундай қилиб, Смит бир вақтнинг ўзида фуқаролар нима учун солиқ тўлаши кераклигини ва бу солиқ тушумларини қандай мақсадларда сарфлаш кераклигини кўрсатди. Бундан ташқари солиқларнинг адолатлилиги ва бир хиллиги масаласида Смит тўғридан-тўғри бой фуқаролардан юқорироқ ставкада солиққа тортилиши кераклиги ҳақида гапириб, бойларнинг давлат харажатларида нафақат даромадларига мутаносиб равишда, балки бироз каттароқ улушда иштирок этишлари ҳеч қандай адолатсизлик эмас” деб таъкидлади.
Таъкидлаш лозимки, замонавий олимларимиз орасида ҳам солиққа тортишда максимал адолатга интилиш солиқ тушумлари ҳажмига ҳам, давлатнинг иқтисодий тизимининг самарадорлигига ҳам таъсир қилиши юзасидан фикрлар мавжуд. Солиқ адолати ва солиқ самарадорлиги ўртасида танлов масаласи “концептуал тушунишга эришиш ва амалга оширишни жуда қийинлаштирадиган муаммоларни келтириб чиқаради” деб ишонилади.
Масалан, америкалик иқтисодчи Ж.Стиглиц “прогрессив солиққа тортишдан фойдаланган ҳолда тенгсизликни камайтиришга уриниш кўпинча ишлашга бўлган иштиёқни чекловчи омил сифатида қаралади ва шу билан самарадорликнинг пасайишига олиб келади”.
1970-йилларда америкалик иқтисодчи A.Лаффер ишлаб чиқаришни рағбатлантирувчи таъсир сифатида солиқ ставкаларини камайтиришни таклиф қилди, бу эса маълум вақтдан кейин солиқ тушумларининг ошишига олиб келиши керак эди. A.Лаффер эгри чизиғи солиқ ставкаси даражасини кўрсатади, унинг ортиши солиқ тушумларининг қисқаришига, демак, бу солиқнинг самарадорлигининг пасайишига олиб келади. Бироқ, мазкур эгри чизиқ фақат ягона солиқ ставкаси бўлган солиқ учун оптималлигини аниқ кўрсатиб беради, шу билан бирга ўзгарувчан ставкали солиқни у билан ифодалаш деярли мумкин эмас.
Солиқ муносабатларида солиқ адолатига икки нуқтаи назардан қараш мумкин: Биринчидан, солиқ тизимининг моддий маънода адолатлилиги - яъни солиққа тортиш қоидаларининг адолатлилиги (солиқ солинадиган базани ҳисоблаш қоидалари, белгиланган ставкалар, имтиёзлар ва бошқалар). Мисол учун, ҳозирда шахсий даромад солиғининг “текис” шкаласи адолатли ёки йўқлиги ҳақидаги баҳс жуда “машҳур”.
Иккинчидан, процессуал маънода солиқ муносабатларининг адолатлилиги солиқ органлари фаолияти асос бўлган қоидаларнинг адолатлилигидир. Ҳозир бизни ҳаммадан кўпроқ адолат шу маънода қизиқтирмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз солиқ тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар асосида мамлакатимизда солиқ соҳасида ҳам мутлақо янги — адолатли, шаффоф ва изчил тизим яратилди. Бундан кўзланган асосий мақсад — солиқлар юкини камайтириб, одамлар даромадини ошириш, пировардида ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлашдан иборат. Ушбу мақсадларга изчил солиқ маъмурчилигини жорий этиш орқали эришиляпти.
2019 йилнинг 30 декабрь куни янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниб, 120 дан ортиқ янги қоида амалиётга киритилди. Солиқлар сони 13 тадан 9 тага, мулк солиғи ставкаси 5 фоиздан 1,5 фоизга, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Иш ҳақига нисбатан солиқ юки қарийб 2 баравар камайтирилди.
Табиий равишда савол туғилади: кўрилган бундай чоралардан одамлар, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар қандай манфаат кўряпти? Таҳлилларга таяниб айтадиган бўлсак, кейинги тўрт йилда солиқ тушумлари 4 баравар кўпайиб, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони 6 мингдан 152 мингтага етди.
Энг муҳими, ўзгаришларни ҳар бир фуқаро, ҳар бир тадбиркорлик субъекти ҳис қиляпти. Чунки, яқингача тадбиркорларга оғир юк бўлиб келган Пенсия, Мактаб ва Йўл жамғармаларига 3,2 фоизли йиғимлар бекор қилинди. Ана шулар ҳисобидан 7 мингга яқин корхона ҳар йили ўртача 6 триллион сўм миқдоридаги солиқ тўлашдан озод бўлди ва шунча маблағ ўзларида қоляпти.
Шунингдек, мол-мулк, даромад ва ижтимоий солиқлар ставкалари 2 баробар камайтирилди. Буни аниқ мисоллар орқали ифодалайдиган бўлсак, транспорт соҳасида солиқ юки — 3 баравар, озиқ-овқат саноатида — 2 баравар, тўқимачилик ва электр техникаси саноатида эса, 20 фоизгача камайди.
Йиғилаётган солиқ миқдори 2022 йилда 10 триллион сўмдан ошмоқда. Ўзбекистон солиқ тизимида шу пайтгача бундай натижа кузатилмаган.
Жорий йилда ҳам ислоҳотлар узвий давом эттирилмоқда. Хусусан, Солиқ кодексида солиқларнинг адолатлилик принципи кўзда тутилган. Унга кўра, солиқлар ва йиғимлар камситиш хусусиятига эга бўлиши ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмаслиги, мулкнинг шаклига, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига ёки капиталнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб фарқланган солиқ ставкаларини, солиқ имтиёзларини ёки бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмаслиги ҳамда фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган солиқларни белгилашга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Солиқ кодексининг 13-моддасида солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади бўйича солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи келтирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” мамлакатимизда ўрта муддатли истиқболда давлат сиёсатининг устувор йўналишларини белгилаб берувчи энг муҳим дастурий ҳужжатда ҳам 2026 йилга бориб тадбиркорлик субъектларига солиқ юкламасини ялпи ички маҳсулот-нинг 27,5 фоизидан 25 фоизи даражасига камайтириш кўзда тутилган.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, 2023 йилнинг 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳаво ҳарорати кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 43-сонли қарори билан йил бошида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида, уларга солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш, солиқ қарзига пеня ҳисоблашни тўхтатиб туриш, дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлламаслик, шунингдек, қўлланилган жарималарни ундирмасдан туриш, банк кредитлари муддатини узайтириш каби имкониятлар тақдим этилди.
Мазкур ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида Давлат дастури лойиҳасида молиявий назорат тизимини янада такомиллаштириш, назорат қилувчи органлар фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва масъулиятини янада оширишни кўзда тутувчи бир қатор норматив-меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши белгиланган. Хусусан,
Адлия вазирлигига Савдо-саноат палатаси ва мутасадди вазирликлар билан биргаликда “Тадбиркорлик субъектларини солиқ текширувларидан ўтказиш муддатларининг қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилган.
Конституциянинг 51-моддасига солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклигини назарда тутувчи қўшимча норма киритилди. Бу нима дегани? Бу — давлат солиқ ва йиғимлар жорий этаётганда аҳоли ёки тадбиркор уни тўлай олишига қурби етишини инобатга олишини англатади. Яъни, солиқ сиёсати эса йилдан йилга соддалаштирилади, ортиқча ва мантиқсиз солиқлардан, турли йиғимлардан воз кечилади, солиқ тўловчи учун манфаатли бўлиши таъминланади.
Узоққа бормайлик, охирги йилларда тадбиркорлар тўлайдиган солиқ турлари сони қисқартирилди, аҳолига, бизнесга солиқ имтиёзлари қўлланилди, айрим ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори туширилди.
Конституцияга киритилган юқоридаги норма эса ана шундай ижобий ўзгаришлар изчил ва тизимли давом эттирилиши учун конституциявий кафил бўлади.
Н.Норбоев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти масъул ходими


