Сирдарёда Ўзбекистон миллий валютаси — сўмни ёқиб, ундан сигарет тутатишда фойдаланган Хитой фуқароларига нисбатан суд ҳукми чиқарилди.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, вилоят ички ишлар органлари томонидан ўтказилган тезкор-суриштирув тадбирлари давомида мазкур ҳолат аниқланган ҳамда унга алоқадор хорижий фуқароларнинг шахси белгиланган.
Аниқланган ҳолат юзасидан уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 184-3-моддаси асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди ишни кўриб чиқиб, чиқарилган қарорга мувофиқ, айбдор шахсларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида, яъни 41 миллион 200 минг сўм жарима жазоси тайинлади.
Суд жараёни давомида хорижий фуқаролардан бири ўз қилмишидан пушаймонлигини билдириб, Ўзбекистон халқидан узр сўраган.
Шунингдек, мазкур ҳодисадан сўнг иш берувчи ташкилот томонидан хорижлик ишчилар билан тузилган меҳнат шартномалари бир томонлама бекор қилингани маълум қилинди.


