1. Бош саҳифа
  2.  / 
  3. Жаҳон

Суданда очарчилик чуқурлашмоқда: БМТ озиқ-овқат захиралари тугаётганидан огоҳлантирди

Ҳозирда 21 миллиондан ортиқ суданлик озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекмоқда.

Суданда очарчилик чуқурлашмоқда: БМТ озиқ-овқат захиралари тугаётганидан огоҳлантирди

 

БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) Суданда юзага келган гуманитар инқироз тобора чуқурлашиб бораётганини маълум қилди. Можаро бошланганидан буён агентлик 10 миллиондан ортиқ аҳолига нақд пул ва озиқ-овқат ёрдами кўрсатган. Ҳозирда WFP ҳар ой ўртача 4 миллион кишига, жумладан, илгари етиб бориш қийин бўлган Дарфур ва Кордофан ҳудудлари, шунингдек, Хартум ва Ал-Жазира штатларида ёрдам етказишда давом этмоқда. Бу ҳақда eropean times нашри хабар берди.

 

Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларга тайёргарлик ва уларга жавоб бериш бўйича директор Росс Смитнинг таъкидлашича, қийинчилик билан эришилган бу ютуқлар молиялаштириш етишмаслиги сабабли бекор бўлиш хавфи остида қолмоқда. Маблағлар тақчиллиги туфайли Жаҳон озиқ-овқат дастури озиқ-овқат рационини фақат “тирик қолиш учун зарур бўлган мутлақ минимал даража”гача қисқартиришга мажбур бўлган.

 

“Судандаги озиқ-овқат захирамиз март ойи охирига келиб тугайди. Агар қўшимча маблағлар зудлик билан ажратилмаса, келгуси ҳафталарда миллионлаб одамлар ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур бўлган ёрдамсиз қолади”, — деди Росс Смит.

 

Маълумотларга кўра, 2023 йил апрель ойидан буён Судан қуролли кучлари (SAF) ва Тезкор аралашув кучлари (RIF) ўртасида давом этаётган жанглар дунёдаги энг йирик очарчилик ва мажбурий кўчиш инқирозларидан бирини келтириб чиқарди. Ҳозирда мамлакатда 21 миллиондан ортиқ одам етарли озиқ-овқатга эга эмас. Гуманитар ёрдам деярли етиб бормаётган айрим ҳудудларда очарчилик расман тасдиқланган.

 

Қуролли тўқнашувлар оқибатида қарийб 12 миллион киши ўз уйларини тарк этиб, Суданнинг бошқа ҳудудларида ёки қўшни давлатларда бошпана излашга мажбур бўлган. Энг заиф қатламлар — 3,7 миллион бола, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар тўйиб овқатланмасликдан азият чекмоқда. Сўнгги тадқиқотлар Шимолий Дарфурнинг айрим ҳудудларида болалар ўртасида тўйиб овқатланмаслик даражаси рекорд кўрсаткичга етганини, бу ҳолат беш ёшгача бўлган болаларнинг ярмидан кўпроғига таъсир қилаётганини кўрсатмоқда.

 

Шунга қарамай, Жаҳон озиқ-овқат дастури Суданда фаол инфратузилмага эга бўлиб, зарур маблағлар ажратилган тақдирда операцияларни кенгайтириш ва кўпроқ инсон ҳаётини сақлаб қолиш имкониятига эга эканини билдирган. Сўнгги олти ой ичида WFP очарчиликдан азият чекаётган ёки очарчилик хавфи остидаги ҳудудларда 1,8 миллион кишига мунтазам ёрдам кўрсатиб, тўққизта минтақада вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшди.

 

“Минг кунлик можаро минг кунга ҳам ортиқча. Жанглар давом этаётган ҳар бир кун билан оилалар очлик ботқоғига янада чуқурроқ ботмоқда, бутун жамоалар эса ҳалокат ёқасига келиб қолмоқда”, — деди Росс Смит. Унинг сўзларига кўра, вазиятни ўзгартириш ва очарчиликнинг янада кенгайишига йўл қўймаслик мумкин, бироқ бунинг учун энг заиф оилаларни қўллаб-қувватлашга етарли молиявий ресурслар зарур.

 

Жаҳон озиқ-овқат дастури Судандаги операцияларни камида июнь ойигача давом эттириш учун шошилинч равишда 700 миллион доллар маблағ талаб қилинишини маълум қилди

Категориялар

Боғланиш учун

+998 (71) 207-21-28

Электрон манзил:

info@zamon.uz

Шаҳодатнома

№1346 Берилган сана: 28.05.2020

Асосчиси

ООО Master Media Production and Broadcast

Таҳририят манзили

Tошкент ш., Амир Темур шоҳ кўчаси, 53 уй

Яндекс.Метрика