Сурияда президент Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг илк бор парламент сайловлари ўтказилди. Овоз бериш жараёни 5 октябр куни бўлиб ўтди, натижалар эса бир неча кун ичида эълон қилиниши кутилмоқда.
Мамлакатнинг янги қонун чиқарувчи органи — Сурия Халқ кенгаши 210 депутатдан иборат бўлади ва улар 30 ойлик муддатга сайланади. Уларнинг учдан бир қисмини амалдагӣ ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара тайинлайди, қолган аъзолар эса президент томонидан белгиланган сайловчилар коллежи асосида тузилган минтақавий қўмиталари орқали аниқланади.
Айни пайтда хавфсизлик муаммолари сабабли Ас-Сувайда, Ҳасака ва Раққа вилоятларида сайлов ўтказилмади. Ушбу ҳудудлар учун 32 депутатлик ўрни бўш қолдирилган.
Сайловларда 1578 номзод иштирок этмоқда, уларнинг 14 фоизи аёллардир. Номзодларга “собиқ Асад режими тарафдори бўлмаслик” ва “сепаратистик ҳаракатларни қўллаб-қувватламаслик” каби мезонлар қўйилган.
Президент Аҳмад аш-Шара илгари берган баёнотида тўғридан-тўғри сайловларни ўтказиш ҳали эрта эканини, бунга сабаб сифатида ички кўчирилганлар ва ҳужжатсиз фуқаролар сонининг кўплигини келтирган эди. Шу боис бу галги сайлов билвосита шаклда — қўмита ва сайлов комиссиялари орқали амалга оширилди.
Сайлов жараёни айрим сурияликлар томонидан танқид қилинмоқда. Улар фикрича, бу жараён тўлиқ шаффоф эмас ва ҳукумат назорати остида ўтмоқда. Бироқ Қатардаги Араб сиёсат тадқиқотлари маркази ўтказган сўров натижаларига кўра, 4000 суриялик респондентнинг 57 фоизи ҳозирги сиёсий ўзгаришларни ижобий баҳолаган.


