Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабар беришича, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.
Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида «С.Л.» ва «Қ.Т.» МЧЖ норасмий раҳбари У. Ж. ва бошқалар тижорат банки хизматлар марказидан «С.Л.» МЧЖга лимончилик учун иссиқхона қуришга мақсадида ажратилган кредитни «Қ.Т.» МЧЖга ўтказган. Бироқ, улар амалда замонавий иссиқхона ташкил этмасдан, сохта ҳужжатлар орқали ушбу маблағни лизинг тўловлари ва бошқа мақсадларга йўналтириш орқали жами 1 млн АҚШ долларлик маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Боёвут туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Ф.А.» ХК масъул шахслари ва бошқалар тижорат банки филиалидан хусусий корхонага ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш мақсадида ажратилган 912 млн сўм кредитни бошқа МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўтказиб, нақдлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Бундан ташқари, Департаментнинг Қўнғирот туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Қаратал» МФЙ бўйича собиқ ҳоким ёрдамчиси Ш .А. 18 нафар фуқаро номига чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги техникаси учун имтиёзли кредит ажратилишига эришиб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш орқали жами 571,3 млн сўмни нақдлаштириб олганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.


