Сўнгги кунларда айрим ижтимоий тармоқларда Сурхондарёдаги пахта қабул қилиш масканида ичида одамлар бўлган пахтани тарозидан ўтказишга уринганлик акс этган видео тарқалди. Ушбу лавҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати мазкур хабарни рад этди ва видеонинг Сурхондарё ҳудудига алоқаси йўқлигини маълум қилди. Қайд этилишича, бу видеолавҳа аслида 2019 йилда ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган бўлиб, ўша вақтда ҳам ҳокимлик томонидан расмий муносабат билдирилган. Ўша пайтда берилган изоҳда воқеа Сурхондарё вилоятида содир бўлмагани алоҳида таъкидланган эди.
Вилоят ҳокимлиги аҳолига ва ижтимоий тармоқларда фаол бўлган фойдаланувчиларга мурожаат қилиб, текширилмаган, асоссиз ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўради. Ҳокимликнинг таъкидлашича, бундай хабарлар жамоатчиликни чалғитибгина қолмай, ишончсизлик кайфиятини кучайтиради ва амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.


