Божхона органлари томонидан республикага курьерлик жўнатмалари орқали кучли таъсир қилувчи дори воситаларини ноқонуний олиб киришга бўлган уриниш фош этилди.
Маълум қилинишича, Божхона қўмитасининг “Toshkent-AERO” ихтисослаштирилган божхона комплекси ҳамда Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари томонидан “Электрон тижорат” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходимлари, шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар идоралари ва Миллий гвардия вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида Сурхондарё вилоятининг Денов шаҳрида 30 ёшли фуқаро ўз номига Корея Республикасидан юборилган курьерлик жўнатмасини қабул қилиб олаётган вақтида қўлга олинган.
Текширув жараёнида жўнатма ҳужжатларида спорт озуқаси — протеин кукуни сифатида расмийлаштирилган бўлсада, мазкур кукун таркибига «прегабалин» моддасини ўз ичига олган, кучли таъсир қилувчи 1200 дона капсулалар яширилгани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


