Шеробод тумани марказида йўлларни кенгайтириш ва янги бинолар барпо этиш ишлари олиб борилаётгани сабабли бир қатор фуқароларнинг уй-мулки давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилган эди. Келишув бўйича барчага ўз вақтида компенсация тўланиши лозим бўлган, аммо амалда ҳамма ҳам бу пулини ўз вақтида ололмаган.
Шулардан бири — Салима Ҳайдарова. Унинг хонадони бузилганига қарамай, ваъда қилинган компенсация тўланмай келган. Вазият судгача борди ва суд томонидан туман ҳокимияти ҳисобидан Ҳайдарова фойдасига 179 миллион сўм компенсация ундирилиши белгиланди.
Унинг сўзларига қараганда, уйи бузилганига бир неча ой бўлган, аммо ваъда қилинган компенсация йўқ.
— “Уйимни бузишган куни ҳокимият вакиллари “хафа бўлманг, компенсация тез орада тушади”, деганди — дейди Салима опа, кўзларида чарчоқ ва умид аралаш ҳис билан.
Мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида фуқаро фойдасига компенсация пули тўлиқ ундирилиши таъминланди.
Худди шундай ҳолат Термиз шаҳрида ҳам кузатилди. Бузилган уй-жойи учун ҳақини ололмай юрган яна бир фуқаро манфаати ҳимоя қилиниб, шаҳар ҳокимиятидан 64 миллион сўмдан ортиқ компенсация ундирилиши таъминланди.


