ФВВ хабарига кўра, 7 июль куни соат 14:20 атрофида Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани тоғли ҳудудида қисқа муддатли кучли ёмғир ёғиши сабабли сел оқимлари келиши ҳодисаси кузатилган.
Натижада туманнинг Хўжаасмин ва Чош аҳоли яшаш пунктларини боғловчи тоғли довон автомобиль йўлига катта харсанг тошлар ва лойқалар тушиб, довон йўли ёпилиб қолган. Оқибатда мазкур ёпилиб қолган довон йўлида 3 та енгил «UAZ» русумли автомобиль ва 8 нафар фуқаро ҳаракатсиз қолиб кетган.
Зудлик билан ҳодиса жойига етиб борган махсус хизматлар томонидан довон автомобиль йўли катта харсанг тош ва лойқалардан тозаланган. Бундан ташқари, автомобиль қатнови йўлга қўйилиб, 8 нафар фуқарога амалий ёрдам кўрсатилган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.


