Бугун, 5 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманидаги ғалла майдонида ёнғин чиқди. Ҳолат юзасидан вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумот берди. Ҳолат Жарқўрғон тумани “Боймоқли” маҳалласи ҳудудида жойлашган МЧЖга қарашли ғалла майдонида юз берган. Бу ҳақда туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига соат 14:55 да хабар келиб тушган. Воқеа жойига ёнғин-қутқарув экипажлари соат 15:05 да етиб бориб, ёнғин соат 15:15 да қуршаб олинган ва соат 15:20 да батамом ўчирилган. Ёнғин қутқарувчиларининг саъй-ҳаракатлари натижасида ғалла майдонининг 0,3 гектарли қисми сақлаб қолинган ва оловнинг қўшни 30 гектарли ғалла майдонига ўтиб кетишининг олди олинган. Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари ва бошқа мутасаддилар етиб боришган. Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Бирламчи маълумотларга кўра, ёнғин ҳудуддан ўтган 10 кВт электр тармоғининг ғалла майдонига узилиб тушиши натижасида содир бўлган. Ҳозирда моддий зарар миқдори аниқланмоқда.