Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев режали ўчириш жадвалларига қай даражада амал қилиниши, бир суткада электр энергияси атиги 2 соатга ўчирилиши аниқ ёки ноаниқлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.
“Бугунги кунда ишлаб чиқарилиб, етказиб берилаётган электр энергияси ҳамда ҳақиқий эҳтиёж ўртасидаги тафовут бир мунча катта. Бу тафовутни қоплаш учун суткасига икки соат ўчириш етарли эмас, лекин бир ўчиришда икки соатдан ошмаслик чоралари кўрилиши таъминланади.
Таъкидлаш жоизки, режали ўчиришлар энерготизимда ишлаб чиқарилаётган энергиянинг етмаган ҳолатларида амалга оширилади. Лекин бундан ташқари авариявий ўчиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бундай ҳолатларда авариянинг туридан келиб чиққан ҳолда уни бартараф этишга бир мунча кўпроқ вақт сарфланиши мумкин.
Кўриб турган бўлишингиз керак, ижтимоий тармоқларда ҳам бугунги кунда электромонтёрларимиз, авариявий бригадаларимиз 24 соат иш режимига ўтказилган. Об-ҳаво шароитига ва сутканинг вақтига қарамасдан тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўришмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб электр таъминотидаги узилишларни бартараф этиш учун 500 дан ортиқ махсус бригадалар шакллантирилган. Уларда барча керакли материаллар мавжуд ва техника билан жиҳозланган.
Агарда, электр таъминотидаги узилиш икки соатдан ортиб кетса, ҳудудий электр тармоқларининг 1154 қисқа рақамига мурожаат қилган ҳолда мавжуд муаммо ҳақида айтиб ўтиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади”, — дейди Ходжаев.


