Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети юртимизда Олимпия ва жаҳон чемпионларини етиштириб берадиган масканлардан. Бир вақтлар бу ерда Оксана Чусовитина, Руфат Рисқиев, Шаҳрам Ғиёсов, Фазлиддин Ғойибназаров, Равшан Эрматов ва Миржалол Қосимов каби таниқли спортчилар таҳсил олган. Бугун кунда ҳам ушбу даргоҳда кўплаб таниқли спортчилар таҳсил олади. Масалан, Олимпия ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳамда яна бир Олимпия чемпиони Акбар Жўраев. Ҳозирда профессионал боксда фаолият олиб бораётган Баҳодир Жалолов ўтган йили Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилган Олимпия ўйинларида +90 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритди. Ундан аввал боксчи 2019 йил Россиянинг Екатернбург шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида ҳам ғолиблик бўлганди. Баҳодир Жалолов профессионал боксда 10 та жанг ўтеазиб, уларнинг барчасида рақибларидан устун келган. Ҳозирда спортчи Ўзбекистон давлат жисмония тарбия ва спорт университетида 2-босқич магстранти ҳисобланади. Оғир атлетика бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларидан 109 кг вазн тоифасида Акбар Жўраев чемпионликни тантана қилган эди. Бундан ташқари, у ўтган йили Тошкент шаҳри мезбонлик қилган оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатида ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган. Спортчи ҳам ҳозирда ушбу университетнинг 2-босқич талабаси. Токио шаҳрида ўтган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси муносиб иштирок этиб умумжамоа ҳисобида 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини жамғариб, 162 мамлакат орасида 16-ўринни қўлга киритди. Қувонарлиси, мусобақада олийгоҳ талабалари ҳам муносиб иштирок этди. Улар орасида Паралимпия ўйинлари чемпиони Бобуржон Омонов ҳам бор эди. Бобуржон пара енгил атлетиканинг ядро улоқтириш йўналишида Паралимпия рекордини ўрнатиб, чемпионга айланган. Ҳозирда у Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 2-босқичида таҳсил олади. Япония бўлиб ўтган Паралимпия ўйинларидан яна бир спортчи талаба юртимиз шанини муносиб ҳимоя қилган. ЎзДЖТСУ талабаси Роза Қўзиева мусобақада кумуш медални қўлга киритиб жамоамиз ҳисобига яна бир медални тақдим этган эди. У ҳозирда 3-босқич талабаси. Бугунги кунда бокс бўйича жаҳон чемпионатларида университетнинг ёш умидли спортчилари ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Уларга Абдумалик Ҳалаков, Мадиёр Саидраҳимов каби боскчиларимизни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Абдумалик Ҳалаков 2021 йили Сербиянинг Белград шаҳрида ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳибига айланганди. У финалда франциялик тажрибали боксчига имкониятни бой бериб қўйган. Спортчи ҳозирда магистр. Шунингдек, Мадиёр Саидраҳимов ҳам Абдумаликдан ортда эмас. Улар бу йил магистрлик дипломини ҳимоя қилади. Жамшидбек Амиров