Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2023-2024 ўқув йилида бошқа ҳудудлардан педагоглар жалб этиладиган таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхати тасдиқланди.
Маълум қилинишича, ушбу мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар тўланади. Бунда:
- бир маъмурий-ҳудудий бирликлар доирасида бошқа туман ва шаҳарлардан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
- бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз махсус устамалар тўланади.
Ушбу мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудда камида бир йил ишлаган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагоглар жалб қилинади.
Шунингдек, бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар улар борган мактаб таълим даражаси юқори бўлмаган мактаблар рўйхатидан чиқарилган йилдан кейинги йил учун ҳам тўланади.