Атрофимиздаги дунё ҳақида етарли билимга эга бўлмасдан туриб, танқидий фикр юритиш мумкин эмас. Қанчалик кўп билим бўлса, солиштириш ва таҳлил қилиш шунчалик осон бўлади. Муаммони танқидий баҳолашдан олдин уни ҳар томонлама кўриб чиқиш, вазиятни бошқа воқеалар контекстида кўриш, унинг ривожланишини вақт ўтиши билан кузатиб бориш керак. Бунинг учун кўпроқ, бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларни ўқиш ва турли соҳа мутахасисларининг турли тармоқлардаги марузаларини кўриб бориши лозим бўлади. Шундан сўнг дастлаб мазкур билимлар асосида савол беришни ўрганиш лозим.
Қизиқиш ва билимга чанқоқлик танқидий фикрлашнинг асоси ҳисобланади. Бу ташналикни қондириш учун саволларни тўғри шакллантира олиш керак. Менимча, турли мавзуларда саволлар беришни доимий машқ қилиб бориш керак.
Масалан, ўзингизнинг севимли фильмингиз, китобингиз, расмингиз, атрофингиздаги ҳодиса мавзуси ҳақида фикр юритишни ўрганиш талаб этилади. Ҳар қандай масалани ўрганаётганда, ҳар томонлама қизиқиш, муаммони турли томонлардан кўриб чиқиш ва саволлар бериш орқали тафсилотлар аниқланади. Айниқса бу бизнинг кучли таҳлилга асосланган материалимизга асос вазифасини бажаради.
Танқидий фикрлаш, албатта, муаммо ҳақида турли, баъзан қарама-қарши фикрларни билишни ўз ичига олади. Муаммони ўрганиш, турли манбаларга мурожаат қилиш, олинган маълумотларни солиштириш, уни изчиллик, тўлиқлик, ишончлилик учун баҳолаш ва номувофиқликларни аниқлаш.
Ишончли маълумотлар — бу тасдиқланган расмий манбалардан олинган ва аниқ фактлар билан тасдиқланган. Интернетдаги мақолаларда манбага ҳавола бўлиши керак.
Танқидий фикрлаш — бу турли омилларга боғлиқ ҳолда вазиятни ривожлантиришнинг турли хил вариантларини кўриш ва бу вариантлардан энг мақбул, қулай ва самаралисини ажратиб олиш имкониятини англатади.
Ҳеч нарса қилмаганлар хато қилмайди. Хато ўз-ўзини камситиш учун сабаб эмас, балки кейинги сафар қандай қилиб ақллироқ, яхшироқ ва самаралироқ ҳаракат қилишни аниқлашнинг бир усули. Ҳар бир хатони таҳлил қилишга конструктив ёндашиш менимча энг тўғри қарор. Уни топиш ва сабабларни баҳолишни билиш муаммони очиб беришга ёрдам беради.
Танқидий фикрлаш – ахборотни таҳлил қилиш, хулоса чиқариш, ҳар қандай масала бўйича ўз фикрини шакллантириш ва унга мувофиқ ҳаракат қилишда ёрдам берадиган муҳим маҳорат ҳисобланади. Бугунги кун ўзбек журналистикасига айнан мана шундай хулоса ва мулоҳаза юритилган материаллар кам учрамоқда. Бунинг учун эса журналистдан юқорида санаб ўтилган хусусиятлар бўлиши ва ички цензурани енга олиши лозим. Айнан мана шу юқорида тўхталиб ўтганимиз танқидий фикрлаш журналистнинг алоҳида характерига айланиши лозим. Шундагина омма ҳақиқий журналистика қандай бўлиши кераклигини англаб етади.


