Анъанага мувофиқ ялпи мажлис кун тартибига киритилган масалалар кўриб чиқилишидан аввал сенаторлар ҳудудларда олиб борган ўрганишлари давомида аниқланган камчиликлар, аҳолини қийнаган муаммолар қизғин муҳокама қилинди. Бу борада Сенат Раиси Т.Нарбаева Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича қилинган ишлар ва вазифалар юзасидан олиб борилган ўрганишларга тўхталди:
"Дарҳақиқат Наманган вилоятига сафаримиз давомида ҳудуд фаоллари ушбу масалани кўтардилар. Қолаверса ўзимиз ҳам бевосита объектни кўздан кечирдик. Бино ҳақиқатдан ҳам таъмирга мухтож. Шу билан бирга мазкур йўналишга доир яна бир масала кўтарилган эди, яъни Наманган шаҳри аҳолиси учун алоҳида перинатал марказ ташкил этиш масаласи. Маълум бўлишича, бугунги кунда Наманган шаҳар аҳолиси сони 1 миллионга яқинлашган. Шаҳарда бор йўғи 4 та туғруқхона фаолият юритмоқда. Вилоят перинатал маркази ҳам шу ҳисобда (250 ўринли).
Бироқ шаҳар аҳолиси, жумладан туғиш ёшидаги аёллар сони муттасил ўсиб бормоқда (170 минг нафар). Ўтган йилда шаҳарда умумий туғруқлар сони 20 мингдан зиёдни ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 6 ойида салкам 12 мингтага етган. Булар орасида эрта туғруқлар ҳам бор (2022 й. – 1 300 та, 2023 й. 6 ойида – 539 та).
Айнан эрта туғруқлар сонининг кўплиги, қолаверса шаҳар болалар шифохонасидаги неонотология (кам вазнли чақалоқларни парвариш қилиш) бўлими ортиқча юклама билан ишлаётгани сабабли шаҳар туғуруқ комплекси негизида алоҳида перинатал марказ ташкил этиш таклифи билдирилган. Фикримизча Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур масалани атрофлича ўрганиб, хулоса бериши зарур. Тўғри, шаҳар ҳудудида вилоят перинатал маркази ҳам жойлашган. Лекин сиғим жиҳатдан бугунги талабга жавоб берадими? деган савол туғилади.
Юқорида айтганимдек, эҳтиёж йилдан йилга ўсиб бормоқда. Аниқ, объектив ҳолатни тўлиқ очиб берадиган хулоса керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари иштирок этаётган бўлса мазкур масалалар бўйича муносабат билдириши керак".


