Маданий мерос агентлигининг маълум қилишича, қадимги туркий халқларда бошқа халқлар каби тотем тушунчаси устувор бўлган. Арслон, бўри каби тотемлар уларда муҳим аҳамият касб этган. Қурилишлар ёки юришларда ҳам бу рамзлардан кенг фойдаланилган.
Ривоятларга кўра, Самарқанд шаҳрида девор қурилиб битганда Зарафшон тоғидан арслон тушган. У деворларни айланиб чиққан, бинога гўё рухсат берган ва яна тоғлар орасига қайтиб кетган. Ўшандан бери «арслон» Самарқанд шаҳри тимсоли бўлган.
Қорахонийлар даврида ҳам ҳукмдор «Арслонхон» деб бежиз айтилмаган. Уларнинг байроқлари ва гербларида шер ва арслон тасвирланган.
Оқсаройда ҳам шер тасвирланган. Абу Саид Абдураҳмон Ибн Муҳаммад Идрис арслон воқеасини тасвирлар экан, шундай ёзади: “Самарқандликлар мағрур ва инжиқ, ёлғонга тоқат қилмайдилар, бойликка интилмайдилар, уларнинг қалби фақат шон-шараф ва ифтихор учундир”.


