Ўзбекистонда 2026 йилги “Ташаббусли буджет” дастурининг янги мавсуми 1 февралдан бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилги мавсум “Ташаббускор халқ учун — янги имкониятлар мавсуми” шиори остида ўтказилади. Ушбу босқич дастур жорий этилганидан буён ўнинчи — юбилей мавсум ҳисобланади.
“Ташаббусли буджет” доирасидаги тадбирлар қуйидаги жадвал асосида амалга оширилади:
- 1–20 февраль — лойиҳаларни қабул қилиш;
- 21 февраль – 7 март — лойиҳаларни саралаш;
- 8–10 март — тарғибот босқичи;
- 11–20 март — овоз бериш жараёни;
- 21–31 март — қўшимча ғолибларни аниқлаш босқичи.
Маълумот учун, анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра, ғолиб лойиҳалар 21 март — Наврўз байрами куни эълон қилинади.


