Қирғизистон президенти Садир Жапаров Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Камчибек Ташиев истеъфосидан сўнг у билан дўстона муносабатлар сақланиб қолишини, бироқ унинг давлат хизматига қайтиши режалаштирилмаганини маълум қилди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.
Президентнинг билдиришича, улар истеъфодан кейин шахсан учрашган. Давлат раҳбари собиқ амалдорга соғлиғига эътибор қаратиш ва дам олиш зарурлигини тавсия қилганини таъкидлади.
Жапаров кадрлар бўйича қарорлар мустақил равишда қабул қилинишини, бу жараёнга ҳеч қандай ташқи босим ёки келишувлар таъсир қилмаслигини қайд этди. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимидаги ислоҳотлар белгиланган тартибда давом эттирилиши маълум қилинди.
Давлат раҳбари мамлакатда сиёсий беқарорлик, давлат тўнтариши ёки муддатидан олдин сайловлар ўтказиш эҳтимолини рад этди. Унинг сўзларига кўра, давлат бошқаруви куч ишлатиш эмас, балки оқилона ва қонуний ёндашув асосида олиб борилиши керак.


