Тайванлик уфолог Скотт Уоринг Марсда ҳаёт борлигига 100%лик исбот топганини эълон қилди. У НАСА томонидан олинган тасвирни томоша қилаётиб шундай хулосага келди, деб хабар бермоқда Mirror нашри. Уорингнинг хулосаларига кўра, тасвирга тушиб қолган тош устидаги нарса марсоходни кузатаётган ўзга сайёралик экани аниқ.
"Ҳамма биладики, мен НАСАнинг расмларини томоша қилишни ёқтираман. Бу сафар ноёб нарсага гувоҳ бўлдим, бу онгли ҳаёт борлигини исботлайди", - дейди уфолог.
Бундан ташқари, у ўзга сайёраликнинг бўйини ҳам аниқлаганини айтмоқда - 30 см. Шунингдек, унинг сийрак сочлари, терисининг ранги пушти экани ва елкасида сумкаси борлигини ҳам кўрибди.
Маълумот учун: Уоринг Ойда ўзга сайёраликлар кемасини, Сатурн йўлдошида минорани, Марсда НУЖ авариясини ҳам "топган".
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ федерал қидирув бюроси архивларидан ўзга сайёраликларга оид ҳужжатлар топилганди.
Шарофат Маҳмудова


