Дунёдаги энг нуфузли тиббиёт нашрларидан бири саналган “The Lancet” журнали ўзининг сўнгги мақоласида болалар саратони ва қон касалликларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратди ва бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни намуна сифатида тилга олди.
Журналда таъкидланишича, кам ва ўрта даромадли давлатларда бу йўналишда катта муаммолар сақланиб қолмоқда: саратонга чалинган болаларнинг 30 фоиздан камроғи омон қолади, ўроқсимон ҳужайрали анемияга чалинган гўдакларнинг эса ярми 5 ёшга етмасдан вафот этади.
Шу шароитда Ўзбекистонда болалар саратонига қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилингани, Тошкентдаги Халқаро академик марказнинг минтақавий клиник тажриба ва инновациялар марказига айлантирилаётгани ҳамда даволаш, парвариш ва кадрлар тайёрлашда ягона ёндашув жорий этилгани алоҳида қайд этилган.
“The Lancet” таъкидлаганидек, мазкур чоралар Ўзбекистоннинг глобал соғлиқни сақлаш кун тартибига уйғун ва замонавий йўналишда амал қилаётганини кўрсатади.


